Самарқандда “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” танлови ўтказилди

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида хотин-қизлар ўртасида “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” танлови ўтказилди. Унда вилоятдаги олий таълим муассасалари ўқитувчи, докторант, магистр, талаба хотин-қизлари қатнашди.

Тадбирда ҳар бир хотин-қизга сўз берилди, улар ўз илмий иши мазмунини иштирокчиларга тушунтириб берди. Масалан, СамДУ агробиотехногиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти докторантлари Муниса Абдусаломова гидропоника усулида озуқалар етиштириш мавзусида, Мунира Кубаева ловиянинг тупроқдаги азот ва гумус ҳолатига таъсири борасида олиб бораётган илмий тадқиқотларини айтиб берди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари олима хотин-қизлар томонидан ҳунармандларнинг маҳсулотини сотишга кўмаклашиш дастури, аутизмга учраган болалар учун дастур, доривор мойчечак, грек ёнғоғи, соя ўсимлигини маҳаллий ерларда етиштиришни оммалаштириш каби мавзуларда илмий ишлар олиб борилаётгани билан танишди.

Бундан ташқари, тилшунос олималар кўмакчи ва юкламалар ҳақида, анаграмма ҳақида дастурлар тайёрлаётганини маълум қилди.

Тадбир сўнггида ҳудуднинг фаол, ихтирочи, олима аёллари турли номинациялар бўйича тақдирланди.