Самарқандда ҳунармандлар ҳамда рассомлар шаҳарчаси ташкил этилади

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур билан мулоқот қилди.

Унда давлатимиз раҳбарининг "Тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш масаласи ҳақида гап борди.

 - Самарқандлик рассомлар ва амалий санъат усталари томонидан яратилаётган ижодий ишлар ўзига хослиги билан ажралиб туради. Улар ўз устида доимий ишлаб, юксак санъат асарларини яратаётгани қувонарли ҳол, - деди Акмал Нур.

Вилоят раҳбари Самарқанд азалдан илм-маърифат маскани бўлгани, бу ерда бошқа соҳалар қатори маданият ва санъат ҳам ривожланганини таъкидлаб, ана шу анъаналар давомийлигини таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилаётганини қайд этди.

Айни пайтда Самарқанд шаҳридан унча узоқ бўлмаган ҳудудда ҳунармандлар ва рассомлар шаҳарчасини ташкил этиш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Учрашувда бу лойиҳа орқали юртдошларимизни санъатга бўлган қизиқишларини янада ошириш, ижодкорларга муносиб шароитлар яратиб берилиши мақсад қилинганлиги таъкидланди.

Адиз Бобоев ва Акмал Нур Самарқандда соҳани янада ривожлантириш чора-тадбирларини ўз ичига олган "Йўл харитаси"ни имзолади. Унга кўра, Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатини шаҳар марказига кўчириш, бадиий таълим, хусусан, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳасида иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни танлаб олиш, ўқитиш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизимни шакллантириш, давлат буюртмаси асосида “Янги Ўзбекистон манзаралари”, “Тарихий алломалар” ва “Замонамиз қаҳрамонлари” туркумидаги ижодий асарлар яратишни йўлга қўйиш ва бошқа бир қатор вазифалар амалга оширилади.