Самарқандда I халқаро хайрия марафони ўтказилади
1 ноябрдан 3 ноябргача Самарқанд шаҳрида “Samarkand Half Marathon” I халқаро хайрия марафони бўлиб ўтади. Бу ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар бермоқда.
“Samarkand Half Marathon” лойиҳасининг мақсади маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзи ва спорт туризмини ривожлантиришдан иборат.
I халқаро хайрия марафонида тажрибали спортчилар билан бир қаторда янги югурувчилар ҳам иштирок этиши мумкин. Ташкилотчилар томонидан 21, 10 ва 2 километр масофа югуриш учун ажратилган. Ярим марафонга тайёргарлик жараёнида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси инклюзивлик муаммоси бўйича тадқиқот ўтказади.
Мутахассислар томонидан Ўзбекистон театрлари, музейлари ва кутубхоналарида тренинглар ўтказилади. Тадқиқот натижалари марафоннинг ўқув дастури доирасида ҳисобот шаклида тақдим этилади. Марафондан тушган маблағлар Тошкент шаҳридаги театрлардан бирида тажриба лойиҳасини амалга ошириш учун сарфланади. Самарқанд марафонида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш 20 октябргача қуйидаги ҳавола орқали давом этади.