Самарқандда ижтимоий соҳа объектлари ва тураржой биноларини иситиш мавсуми 26 октябрдан бошланди
Самарқанд вилояти ҳокимининг 2019 йил 25 октябрда қабул қилинган фармойишига кўра, бугундан вилоятимизда ижтимоий соҳа объектлари ва тураржой биноларини иситиш мавсуми бошланди.
Мазкур ҳужжат билан туман ва шаҳар ҳокимликлари, коммунал соҳа корхоналари ва бошқа мутасадди ташкилотларга туну кун ишлайдиган штаблар ташкил этиш, ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли уй-жойлари, “Иссиқлик манбаи” корхонаси тизимидаги қозонхоналарга узлуксиз электр энергияси ва табиий газ, табиий газ етиб бормайдиган ҳудудларга суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, 2019 йил 1 декабрга қадар вилоят аҳолисига ажратилган кўмир маҳсулотларини тўлиқ етказиб бериш белгиланди.
PS: Иситиш мавсуми бошланди. Лекин Самарқанд шаҳри ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг қанчаси иссиқлик билан таъминланар экан? Ёки яна ҳар йилги ваъдами – “тармоқлар эски, модернизациялаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, дастурга киритилган”. Ваъда билан эса уй-жойларни иситиб бўлмайди.