Самарқандда илк марта буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди

Академик Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари самарқандлик шифокорлар билан биргаликда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ноёб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказишди.

Бунга қадар буйрак трансплантацияси операцияси юртимизда фақатгина Тошкент шаҳрида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилар эди.

Қарийб уч соат давом этган Самарқанддаги илк буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди. Булунғурлик 31 ёшли О.Хўжақулов анча йиллардан буён буйрак етишмовчилиги билан оғриб келар эди. Бугун унга укаси М.Хўжақулов бир буйрагини берди. Энг муҳими, ҳар икковининг ҳам аҳволи яхши ва улар тиббий стандартлар асосида шифокорлар назоратида.

Операция столига ётқизиладиган яна бир бемор 19 ёшли Шоҳсанам Шоназаровадир. У бир неча йилдан буён буйрак етишмовчилиги билан курашиб келади. Ҳатто, аҳволи оғирлашиб борганлиги боис 2010 йилда унда жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, чап буйраги олиб ташланган. Салкам бир йилдан буён Шоҳсанам мунтазам равишда гемодиализ муолажасини олишга мажбур бўлган. Ҳозирда Шоҳсанамнинг онаси Ш.Саломова барча текширувлардан ўтказилиб, таҳлиллар натижасида унинг соғлом эканлиги қайд этилгани боис қизига донорлик қиляпти.

Кейинги бемор Шерзод Болиев. Ҳозирда Шерзод ҳам жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўрмоқда. Иштихон туманида яшовчи 19 ёшли бемор ярим йилдан буён гемодиализ аппаратига “боғланиб” яшаётган эди. Ш.Болиевга онаси С.Худоёрова бир буйрагини беришга қарор қилган.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.