Таиландда аҳоли iPhone 14 эвазига буйракларини сотгани ҳақда тарқалган хабарлар ёлғон бўлиб чиқди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат дунё аҳли эътиборини тортди. Унда iPhone 14 ушлаб олган ва танасида жарроҳлик амалиёти аломати кўриниб турган уч нафар таиландлик шахс акс этган.

Тасвирдан гўё ёшлар смартфон сотиб олиш учун буйракларини сотишган, деган таассурот олинади. Хабар шиддат билан барча ижтимоий тармоқларда ёйилгач, инсонпарварлик ташкилотлари аҳолини бу ишдан қайтаришга киришди. Аммо кейинроқ хабарлар фейк бўлиб чиқди.

Маълум бўлишича, сурат ҳазил тариқасида ишланган. Таиланддаги инсонпарварлик ташкилоти орган донорлик маркази бошқарувчи директори Софон Мектон ушбу суратни танқид қилиб, тана қисмларини қимматбаҳо гаджетга эга бўлиш учун сотмасликка чақирди. Мектон фойдаланувчиларни кулдириши керак бўлган ушбу мемни номақбул ва ахлоқсиз деб таъкидлаган. Oдамларни iPhone 14 учун ҳатто ҳазил тариқасида ҳам буйрак сотишга ундаш мутлақо ноўрин, органлар савдоси қандай мақсадларда бўлишидан қатъи назар, қатъий тақиқланган, деган у.

Бошқа интернет кузатувчилари эса сурат саҳналаштирилгани, у Лаосдаги Въетнам гўзаллик клиникасида суратга олинганини айтишган. Лаосда буни ҳазил сифатида қабул қилишган бўлса, Тайландда суратга оммавий хавф солувчи таъсир, замонавий гаджетга эга бўлиш истагидагилар учун қўлланма сифатида қарашган.