Самарқандда информатика ва ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган илк мактаб очилди
Самарқанд шаҳридаги 9-информатика ва ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби замон талаблари асосида жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов, Халқ таълими вазирининг ўринбосари Рустам Каримжонов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамол Махсудов иштирок этди.
Мазкур ихтисослаштирилган мактабда олиб борилган бунёдкорлик ва жиҳозлаш ишларига “Uzinfocom давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” масъулияти чекланган жамияти, Ахборот технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва вилоят ҳокимлигининг 340 миллион сўмдан ортиқ маблағи сарф этилди.
Мактабда ўқиш истагида бўлган 130 ўқувчи ҳужжат топширди. 2021 йилнинг 5 январь куни Давлат тест маркази томонидан ўтказилган синовларда энг юқори балл тўплаган 60 нафар ўқувчи саралаб олинди.
Тадбир давомида меҳмонлар мактабда яратилган шароитларни кўздан кечириб, ўқувчилар томонидан яратилаётган дастурлар, работотехника йўналишининг иқтидорли ўқувчилари кашфиётлари билан яқиндан танишиб, уларга ўз тавсияларини берди.
Шунингдек, бугунги кунга қадар информатика фанини ўқувчиларга пухта ўргатиб келаётган, Халқ таълими вазирлиги томонидан илгари сурилган қатор лойиҳаларда муносиб иштирок этиб келаётган ўқувчи ва ўқитувчиларга диплом ва сертификатлар, эсдалик ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.