Самарқандда IТ-Park филиали очилди

Самарқанд шаҳрида дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки – IТ-Parkнинг ҳудудий филиали замонавий инфратузилмага эга бинода ўз фаолиятини бошлади.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекось иштирок этди.

- Фойдаланишга топширилган бино янги лойиҳалар яратиш учун катта имконият, - деди Олег Пекось. – Албатта, дастурий маҳсулотлар, стартап, инновацион лойиҳалар яратиш ва уларга мижоз топиш, хизматларни хорижга экспорт қилиш осон кечмайди. Аммо ишонаманки самарқандликлар бунинг уддасидан чиқади. Сабаби, вилоятда мазкур соҳага қизиқувчи иқтидорли ёшлар кўп.

Бинода коворкинг маркази, резидентлар ва стартапчилар учун жойлар, замонавий ўқув хоналари, робототехника, киберспорт, музокара ва учрашувлар хоналари (meeting room), конференц зал, интернет-кафе ва бошқа ёрдамчи хоналар мавжуд ва улар энг сўнгги дизайн асосида ташкил этилган.

Филиал вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган юридик шахслар, олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, бу ерда вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида ташкил этиладиган рақамли технологиялар марказлари  фаолият олиб боради. Ҳозирги кунда 6 та шаҳар ва туманларда мазкур марказлар ташкил этилди, жорий йил якунига яна 4 та шу каби марказлар ишга туширилади.

Филиал ташкил этилиши натижасида вилоятда 50 та янги IT корхоналар, 200 та янги иш ўринлари ва 100 дан ортиқ стартап лойиҳалар ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.

  – Бугун замон ўзгаряпти, ҳаётимизда ахборот технологияларининг ўрни ошиб бормоқда, давлат ва жамият ҳаётида ҳам рақамли иқтисодиёт роли ортмоқда. Ана шундай пайтда IT-Parkлар замон билан ҳамнафас инсонлар, айниқса, ёшларнинг севимли масканига айланади, – деди Э.Турдимов. – Шунинг учун келгусида барча туман ва шаҳарларда, Самарқанд шаҳрининг ўзида бир нечта IT-Parkлар бўлади.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.