Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда “Ихтирочи аёллар – 2022” форуми бошланди

Бугун Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида “Ихтирочи аёллар – 2022” форуми бошланди. Унда олима, тадбиркор, ишбилармон, олий таълим муассасалари докторант ва магистрлари қатнашди.

“Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги доирасида ташкил этилган ушбу тадбир республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда. Мақсад ихтирочи аёлларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан танишиш, илмий лойиҳалари маъқул бўлган ихтирочи аёлларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Бугун вилоятда профессор-ўқитувчи аёллар 1269 нафарни ташкил этади. Уларнинг асосийси СамДУ, СамДТУ, СамДЧТИ ўқитувчиларидир. Шунингдек, вилоят бўйича жами фан докторлари 252 нафар бўлса, шундан аёллар улуши 13,5 фоизни, фан номзодлари 1007 нафар бўлса, аёллар улуши 26,6 фоизни ташкил этади. 

2021 йилда Самарқанд давлат тиббиёт университетида 24 нафар, Самарқанд давлат чет тиллар институтида 8 нафар олима PhD бўйича диссертация ҳимоя қилган. Аммо вилоятдаги бошқа олий таълим муассасаларида ушбу кўрсаткич жуда паст. 

Тадбир аввалида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилбар Асланова аёлларнинг умумий илмий даражаси улушининг пастлиги ва олималар ўртасида ўртача ёшнинг юқорилигини танқид қилди. Шундан сўнг тадбиркор ва олима аёлларнинг маърузалари тингланди.

“Ихтирочи аёллар – 2022” форуми уч кун СамИСИда, сўнгра СамДУ ва СамДТУда бўлиб ўтади. Форум сўнггида лойиҳалари муносиб деб топилган олималар тақдирланади.

***

Эслатиб ўтамиз, сал аввалроқ, Танзила Норбоева хотин-қизлар билан олиб борилаётган ишларни танқид қилиб, “Олима аёллар” тузилмаси ҳали ташкил этилмаганини айтганди.