Самарқандда ихтисослашган тиббиёт маркази филиали ташкил этилади
“Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2021–2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари филиалларини ташкил этиш режа-жадвали тасдиқланди.
Унга кўра, янги ташкил қилинаётган филиаллар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббиёт муассасаларининг негизида, уларнинг амалдаги штат бирликлари ва ажратилган маблағлар доирасида, шунингдек, юридик мақомга эга бўлмаган асосда ташкил қилинади.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари У.Собиров ва республика ихтисослаштирилган марказлар раҳбарлари мазкур филиалларда:
📌 касалликларни жойларда барвақт аниқлаш, профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, маҳорат дарсларини ўтказишга;
📌 диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, юқори сифатли тиббий хизматларни кўрсатиш, шу жумладан, телетиббиётни жорий этиш ва ривожлантиришга;
📌 касалликлар регистрини яратиш, илмий тадқиқотларни олиб бориш ва амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, улар фаолиятига оид бошқа масалаларни (тиббий жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш, малакали мутахассислар билан тўлдириш) ҳал қилишга шахсан масъул ҳисобланади.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.