Самарқандда ихтисослаштирилган таэквондо маркази очилади
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 январдаги «Ўзбекистон таэквондо академияси ва ихтисослаштирилган таэквондо марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон таэквондо (WТ) ассоциацияси тизимида Ўзбекистон таэквондо академияси ҳамда 2023-2024 йилларда ҳудудларда 14 та ихтисослаштирилган таэквондо марказлари ташкил этилади.
- Ўзбекистон таэквондо академиясининг ташкил этилиши таэквондо (WТ) бўйича миллий терма жамоалар (катталар, ёшлар, ўсмирлар, шунингдек, спорт фахрийлари) аъзоларининг жисмоний ривожланиши, жисмоний тайёргарлиги, функционал ҳолати, техник-тактик ва психологик тайёргарлигини оширишга хизмат қилади, - дейди вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бўлими бош мутахассиси Суҳроб Машрабов. - Шу билан бирга, академия таэквондо (WТ) бўйича миллий терма жамоаларни халқаро мусобақаларга тайёрлашда уларга амалий ва илмий-методик жиҳатдан кўмаклашиш, таэквондо (WТ) бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш ва мамлакатимизда жорий этишга доир тавсиялар ишлаб чиқиш, хорижий мамлакатларнинг етакчи муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашади.
Академия жорий йилнинг 1 сентябридан фаолият бошлайди.
Қарорга мувофиқ, Самарқандда ҳам ихтисослаштирилган таэквондо маркази ташкил этилади ва жорий йилнинг 1 февралига қадар вилоятда фойдаланилмаётган бўш бино ихтисослаштирилган таэквондо марказига вақтинчалик фойдаланиш учун бепул ажратилади. Марказда ҳудудий терма жамоа аъзоларининг республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун зарур бўлган маҳорат ва кўникмаларни ривожлантирилишини таъминлаш, спортчилар захирасини тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, психологик-педагогик, тиббий-биологик ва моддий-техник шароитлар яратилади.
Вилоятда таэквандо бўйича нодавлат спорт таълими муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Самарқанд шаҳрида «Нафосат» спорт клуби ташкил қилинган. Шунингдек, таэквондо инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида Самарқанд шаҳридаги спортнинг якка кураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби биноси таэквондо (WТ) базасига айлантирилган. Бу ерда вилоят терма жамоасининг республика календарь режасига киритилган спорт мусобақалари ҳамда ўқув-машғулот йиғинларига иштироки таъминланмоқда.
Ҳозирги кунда вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларида 39 нафар мураббий қўл остида 1850 нафар спортчи таэквондо билан шуғулланмоқда. Вилоят спортчилари жорий йил республика мусобақаларида 4 та олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза, халқаро мусобақаларда 5 та олтин, 2 та кумуш, 3 бронза медалларини қўлга киритди. Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркибида 2 нафар, захира таркибида 4 нафар спортчи машғулотларда қатнашмоқда.