Самарқандда Жанубий кореялик мутахассислар билан IT йўналишида бизнес марказ очиш бўйича музокаралар ўтказилди

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Жанубий Корея Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ҳайвонлар ва ўсимликлар агентлиги директори ўринбосари Геонгил Мин, IT Парк ва Рақамли технологиялар вазирлигининг Жанубий Кореядаги вакили, AKITA раҳбари Рай Чонг, Рақамли маркетинг билан шуғулланадиган корхона - "SIHA" раҳбари Жонгҳоон Ким, Сунъий интеллект ва маълумотларни қайта ишлаш бўйича катта тажрибага эга бўлган "Miso Infotech" корхонаси раҳбари Геонгил Мин билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг IT ва аутсорсинг соҳасида кореялик ҳамкорлар учун инвестициявий жозибадорлиги ошиб бораётганлиги, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Жанубий Кореянинг етакчи технологияли компаниялари билан мамлакатимизнинг бизнес имкониятлари ҳамда IT салоҳиятини тақдим этиш учун мавжуд имкониятлар ҳақида сўз юритилди.
Адиз Бобоев Самарқандда Кореянинг IT йўналишида университетларини ташкил этиш, глобал IT иқтидорларини етиштириб чиқариш зарурлиги, Кореядаги нуфузли IT компаниялари, ташкилотлар, давлат муассасалари ва университетлар билан саноат-академик ҳамкорлик дастурлари, Корея компанияларида ишга жойлашиш имкониятларини яратиш мақсадида улар билан яқиндан ҳамкорлик олиб бориш борасида бир қатор таклифларни берди.
Учрашув сўнггида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ундан IT йўналишида Самарқандда Корея IT бизнес марказини ташкил этиш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалалари ўрин олган.