Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда жигар ва юракни кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади

Бу ҳақда “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти хусусидаги давра суҳбатида айтиб ўтилди.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил қилинган тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман-шаҳар бўлимлари ҳамда мутасадди ва манфаатдор идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида қонуннинг мазмун-моҳияти, шу жумладан, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг аниқ мақсадлари хусусида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, фуқароларимиз жуда катта маблағ сарфлаб чет элларда амалга ошириб келаётган нозик ва қийин жарроҳлик амалиётлари нафақат пойтахтимиз, балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам муваффақиятли бажарилмоқда. Бунда соҳанинг моддий-техник базаси ва тиббий кадрлар салоҳияти давр билан мутаносиб равишда такомиллаштириб борилааётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

- Биргина мисол, буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини хорижда 40-50 минг доллар сарфламасдан, Самарқанд вилоятида ҳам кўпи билан 7 минг долларга амалга ошириш мумкин бўлди, - дейди Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов. – Бироқ инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси борасида қонунчилигимизда белгиланган нормалар бугунги кун талабларига мос эмас. Қонун лойиҳасида қайд қилинган амалиёт билан боғлиқ аниқ чегара ва тартиблар белгилаб берилмоқда. Шу боис, лойиҳа депутатлар, мутахассислар, қолаверса, кенг жамоатчилик иштирокида бугунгидай давра суҳбатларида батафсил муҳокама қилинмоқда.

Таъкидланганидек, инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш билан боғлиқ турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Жиноят кодексига ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти. Бундан ташқари, амалиётни бизнес турига айланиб қолмаслиги учун ҳам зарур чекловлар ўрнатилмоқда.

- Қонун лойиҳасида асосий мақсад одамларимиз саломатлигини тиклаш учун зарур маблағ топиш, хорижий давлат тилини тушунмаслик каби қийинчиликларга дуч келмаслигини таъминлашга қаратилган, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов. – Мисол учун, бугунги кунда вилоятимизда 67 та буйрак, 8 та жигар трансплатацияси амалга оширилган фуқароларимиз бор. Уларнинг бор-йўғи 3 нафари Самарқанд шаҳрида операция қилинган. Буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти кенгайтирилиши келгусида саломатлигида мазкур аъзоси билан боғлиқ беморлар учун катта қулайлик бўлади.

Бундан ташқари, бугунги кунда вилоятда 5 та гемодиализ марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Яъни, аҳоли турли қон таҳлиллари учун нафақат хориж, балки пойтахт – Тошкент, ҳатто вилоят марказига овора бўлиб келишларига ҳожат қолмади.

Энг катта ўзгаришлардан бири яқин вақт ичида вилоятда жигар ва юрак трансплантациясини йўлга қўйилиши бўлади. Айни вақтда инсон аъзолари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш билан шуғулланувчи махсус марказ фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштириляпти.

Мулоқот давомида иштирокчилар қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.