Самарқандда камчиликларга йўл қўйган йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи айрим корхоналар фаолияти 10 кунга тўхтатилди

Кейинги вақтларда жамоат транспорти билан боғлиқ муаммолар кўплаб йўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мазкур норозиликларнинг асл сабабини топиш, юзага келаётган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан Самарқанд вилояти транспорт бошқармасида махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат танқидий-таҳлилий ўрганилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан жамоат транспортида йўловчиларга хизмат қилаётган автобусларнинг техник талабларга қай даражада амал қилаётгани, санитария қоидалари ва меъёрлари, ҳайдовчиларнинг махсус иш кийими билан таъминланганлиги, муомаласи ва бошқа жиҳатлари кўздан кечирилди.

Ўрганиш давомида йўловчи ташишга мўлжалланган автобусларнинг айримлари техник жиҳатдан талабга жавоб бермайди. Хўш, техник жиҳатдан кўрикдан ўтмаган автобус қандай қилиб йўналишга чиқарилган? Автобус салонига белгиланган тартибда ўрнатилган ўриндиқлар атайлаб олиб ташлангани, ўтиргичлардаги ниқоблар эскирганлигидан йиртилиб кетгани наҳотки, тегишли мутасаддиларнинг назарига тушмаган?

Бундан ташқари, йўналиш рақамини кўрсатувчи махсус андаза (трафарет)лар ўрнига оддий қоғоз ёпиштирилганлигига ҳам гувоҳи бўлинди. Баъзи автобуслар тасдиқланган жадваллар асосида эмас, ўзи хоҳлаган йўналишда қатнаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Бу камчиликлар йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланаётган “Сухроб транс сервис хату” МЧЖ, “Архедия моторс” МЧЖ, “Афросиёб транс сервис” МЧЖ, “Самарқанд сайқал транс” МЧЖ, “Тoxir - r” хусусий корхонаси, “Sevinch trans servis” МЧЖга қарашли автобусларда кузатилди.

Аниқланган нуқсонлар юзасидан бошқармада тезкор йиғилиш ўтказилди. Унда йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди. Ўз ишига совуққонлик билан қараган соҳа мутахассисларига огоҳлантиришлар берилди. Лицензиатларга қўйилган талаблар ва шартларга риоя этмаганлиги учун юқорида таъкидланган корхоналарга берилган лицензия варақаларининг амал қилиш муддатини 10 (ўн) иш кунига тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди. Камчиликларни бартараф этиш ўрнига лоқайдлик қилган мутасадди раҳбарлар зиммасига қоидабузарликларни ўн иш куни ичида бартараф этиш мажбурияти юклатилди. Махсус ишчи гуруҳга соҳадаги камчиликлар бартараф этилмагунча, ўрганиш ишларини давом эттириш вазифаси топширилди.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.