"Сичқон-мушук" ўйинига қачон барҳам берилади?
- Яна "БАМ"га "Дамас" йўқми?
- Ҳа, бугун ҳам рейд бўлаётганга ўхшайди. Энди нима қиламиз?
Бу гапни Самарқанд шаҳар Кимёгарлар шаҳарчаси ("БАМ", СУПЕР)да яшовчилардан тез-тез эшитиш мумкин. Чунки Нарпай йўлининг бошланишидан Темир йўл вокзалигача ҳамда Нарпай йўли бошидан Буюк Ипак йўлигача қатнайдиган "Дамас"лар ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланади. Табиийки, уларнинг фаолиятига чек қўйиш мақсадида вақти-вақти билан махсус рейдлар ўтказилиб, ноқонуний киракашлик қилаётган "Дамас"чилар жаримага тортилади. Бу тадбирлар юқорида қайд қилинган суҳбатларга сабаб бўлади.
- Кимёгарлар шаҳарчасидан 6, 15-рақам билан ҳамда "Супер - Поворот" йўналишида юздан зиёд "Дамас" русумли автомашиналар ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланади, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Артур Геворгов. - Биз ҳамкор ташкилотлар билан бу ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш мақсадида рейдлар ўтказамиз. Барибир бунга чек қўйишнинг имкони бўлмаяпти.
Маълумотларга қараганда, бугун Кимёгарлар шаҳарчасида 6 маҳаллада 26 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги Самарқанд шаҳрининг марказий ҳудудларида ишлайди ёки ўқийди. Табиийки, транспорт хизматига талаб ҳам шунга яраша.
А.Геворговнинг айтишича, айни пайтда ҳудудга 99, 93, 15, 6-рақамли автобуслар қатнови йўлга қўйилган. Хусусан, 15-рақамли йўналишида 15 дақиқалик оралиқ масофа билан 8 та автобус, 6-рақамли йўналишда 10 дақиқалик оралиқ масофа билан 6 та автобус қатнайди. "Дамас" русумли автомобилда йўловчи ташиётганлар ҳам айнан шу икки йўналишда қатнайди.
- Иш жойим шаҳар марказида бўлганлиги учун қатнаб ишлайман, - дейди Шукрона маҳалласида яшовчи Шахриддин Қўшмуродов. - Эрталаб 6-автобусга чиқсангиз ҳар қадамда тўхтаб, манзилингизга ярим соатдан кўп вақтда етказади. Кечқурун 19:30 кейин бу йўналишда автобус бўлмайди, таксилар шаҳар ичидан 10 минг сўмдан камига биз томонга олиб бормайди. Шу боис, "Дамас" ҳам арзон, ҳам манзилга тез етказиши, қолаверса, тунда ҳам қатнагани туфайли кўпчилик шу хизматдан фойдаланади.
Ҳа, ўртадаги тафовут катта. Мутахассис айтган 100 дан ортиқ ноқонуний "Дамас" тўхтаса, улар ташиётган йўловчилар манзилига қандай етиб боради? Улар турли сабабларга кўра, 14 та автобусга минишни истамаса нима қилиши керак? Кеч соат 19:30 дан кейин манзилига етиб олиш учун доим маблағ етарли бўлмаслиги ҳам мумкинку. Шу сабабли ҳудудга "машрутка" қўйилса бўлмайдими?
- Муайян йўналишда йўловчи ташиш фаолиятини йўлга қўйиш бизнинг ваколатимизга кирмайди, - дейди А.Геворгов. - Янги йўналиш очиш ёки очмасликни ИИБ ЙҲХБ, давлат солиқ инспекцияси каби ташкилотлардан иборат комиссия ҳал қилади.
Шу ўринда табиий савол туғилади: ноқонуний йўловчи ташиётган "Дамас"лар фаолиятига чек қўйиш мақсадида ИИБ ЙҲХБ, давлат солиқ инспекцияси ҳамда транспорт бошқармаси вакиллари томонидан рейдлар ўтказилади. Вазиятдан хабардор бу уч ташкилот янги йўналишдаги "маршруткалар" фаолиятини ташкил этса ёки ўша ноқонуний 100 дан зиёд "Дамас"чилар фаолиятини қонунийлаштирса мақсадга мувофиқ эмасми?
Шусиз ҳам ноқонуний юритилаётган фаолият қонунийлашиб, бюджетга солиқ тушуми кўпаярди. "Дамас"чилар ва ИИБ ЙҲХБ ходимлари ўртасида "сичқон-мушук" ўйинига барҳам берилиб, Кимёгарлар қўрғонидаги одамлар кўрсатилаётган транспорт хизматидан рози бўлармиди?
Олим Соннибоев.