Самарқандда карантин қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлиқ 19 минг 936 ҳолат аниқланди
Коронавирус. Ушбу вирус пайдо бўлганига кўп вақт бўлмади, аммо касалликка чалинганлар ва қурбонлар сони билан дунё ҳамжамиятини қаттиқ хавотирга солмоқда. Шу сабабли юртимизда бу вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида кескин чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, огоҳлик, эҳтиёткорлик чоралари кучайтирилмоқда.
Жумладан, вилоятимизда ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармалари ходимлари мудофаа, миллий гвардия, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда туну-кун хизмат олиб бормоқда. Ушбу постларда ходимлар хизматни адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Вилоят маркази - Самарқанд шаҳрига кирувчи 25 та йўлда тўсиқ постлари ташкил этилиб, туманлараро юк ташувчи транспорт воситаларидан ташқари барча автоуловларнинг кириб-чиқиши тўхтатилди.
Пандемия даврида вилоятимиз ҳудудида карантин қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлиқ 19 минг 936 та (29 май ҳолатида) ҳолат аниқланди. Қоидабузарларга нисбатан Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 53, 54 ва 46-2-моддаларида белгиланган тартибда маъмурий жазо чоралари қўлланилди.
Шунингдек, ҳудудда соғлом санитар-эпидемиологик муҳитни шакллантириш мақсадида тиббиёт ходимлари иштирокида биринчи назорат ўтиш жойида ходимлар ва мурожаат билан келаётган фуқаролар махсус текширувдан ўтказилмоқда. Бинолар, хизмат хоналари, ҳовли ва хизмат автомашиналари дезинфикция қилинмоқда. Асосийси, вилоят ички ишлар органлари ходимлари ва ишчилари ўз иш жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да ва тиббий қўлқопда хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда вилоятимизнинг айрим жойларида касаллик аҳоли орасидан аниқлангани барчамизни ҳушёр торттирмоғи лозим. Шунинг учун бундан бир неча кун аввал оммавий ахборот воситалари орқали халқимиз эътиборига ҳавола этилган бир шиор барчамизни яна бир мақсад, бир ғоя сари етаклаши зарур: “Мен сиз учун ишда қолдим, сиз мен учун уйда қолинг!”. Бу шиор ҳар бир ички ишлар органлари ходимидан Ватанни, оилани, ота-онани, фарзандини, юртини омон сақлашга ундайди. Ўз ўрнида бугун ушбу шиорга юртдошларимиз ҳам янада тўлиқ амал қилишлари талаб этилади. Биргаликда ишласак, карантин талабларига қатъий риоя қилсак, осойишталик, фаровонлик бардавом бўлади, коронавирус юртимиздан, ер юзидан тезроқ йўқолади. Шуни унутмайлик!
Ф.Раҳматов,
Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник.