Самарқандда курашчи ҳакамга мушт туширди, ҳолат жиддий муҳокама этилмоқда

Ижтимоий тармоқларда миллий кураш бўйича Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида полвонлардан бири ҳакамга мушт туширгани акс этган видео тарқалди.

Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Самарқандда вилоят кураш федерацияси ижрочи директори Иброҳим Каримов билан боғландик.

Каримовга кўра, чемпионатнинг иккинчи кунида, яъни 27 февраль куни 81 кг вазн тоифасида ярим финал учун курашган Мирқосим Бердиёров мусобақани бой берганлиги ҳақидаги ҳакам қароридан норози бўлиб унга мушт туширган.

Ҳакамнинг бу қарорига мухлислар ҳам норозилик билдирган. Курашчи эса икки йилга дисквалификация қилинган. Бу норозиликдан кейин ҳакам қарори муҳокама қилинди ва ҳакамнинг қарори нотўғрилиги айтилди. Аммо қарор расман тасдиқланмади.

Тўғри, спортчи ҳакамдан норози бўлиб, унга қўл кўтаргани спортчига хос бўлмаган иш ва жиддий хато. Гап шундаки, курашчи шу мусобақага қатнашиш учун 8 кг озган. Ҳакамнинг қароридан норози бўлиб ўзини тутиб туролмаган. Аслида спортчи ҳар қандай ҳолатда ўзини тутиши лозим. Ҳолатга тўғри баҳо бериш учун видеонинг тўлиқ варианти топилса, масалага ойдинлик киритилади.

Аслида, видеонинг бир қисми қирқиб ижтимой тармоққа тарқатилган. Энди Тошкентдаги йиғин доирасида тўлиқ қарор эълон қилинади, - дейди Иброҳим Каримов.