Миллий курашни ривожлантиришга эътибор керак
Вилоятдаги айрим спорт федерацияларида амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар қониқарли эмас. Жумладан, дзюдо, эшкак эшиш, юнон-рум кураши, енгил атлетика, гимнастика, кураш ва самбо спорт федерациялари яхши натижа кўрсатаётган бўлса, 20 яқин спорт тури баскетбол, сузиш, гандбол, эркин кураш, ўрта ва қиличбозлик, от спорти, волейбол, техник ва ўқ отиш, теннис, бадминтон, регби федерациялари қониқарсиз натижа қайд этмоқда. Шунингдек, кейинги йилларда пенчак силат, кикбоксинг, шотакан каратэ, ўзбек жанг санъати федерациялари Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибига спортчи етказиб бермаяпти.
Хўш, вилоятда кураш миллий спорт турини оммалаштириш, мусобақалар ташкил этиш, спортчиларнинг халқаро турнирларга иштирокини таъминлаш, иқтидорли ёшларни саралаш ва терма жамоага спортчилар етказиб бериш жараёнлари қандай кетяпти? Бу ҳақда вилоят кураш федерацияси ижрочи директори, халқаро тоифадаги ҳакам Ибрагим Каримовнинг фикрларини сўрадик.
Маълумотларга кўра, вилоятдаги 21 та спорт-таълим муассасасида спортнинг миллий кураш тури бўйича гуруҳлар очилган. Уларда фолият юритаётган 93 нафар тренер қўл остида 3000 нафарга яқин ёшлар шуғулланмоқда. Мураббийларнинг 12 нафари спорт устаси, 3 нафари халқаро тоифадаги тренер.
- Кураш азалдан мардлик ва ҳалоллик тимсоли, халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихга эга миллий-маданий меросининг бир қисми саналанади, - дейди И.Каримов. – Кейинги пайтда миллий кураш халқаро спорт тури сифатида эътироф этилиб, “кураш”, “ҳалол”, “таъзим”, “тўхта”, “ёнбош” каби атамалар халқаро спорт сўз ҳамда иборалар қаторидан ўрин эгаллади. 2017 йил 20 сентябрда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида кураш тарихда илк бор XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилди. Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси томонидан кураш халқаро спорт мусобақалари ва турнирлари дастурларидан ҳам жой олди.
Бугунги кунда вилоятимиз курашчиларининг 30 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоасига қабул қилинган бўлиб, бу кўрсаткич бўйича республикада етакчи ўринларда турамиз. Ўтган йил спортчиларимиз Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида 7 та олтин, 13 та кумуш, 33 та бронза медалларини қўлга киритди. Туркманистоннинг Ашхабод шаҳрида катталар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида 90 килограмм вазндаги полвонимиз Эркин Қозоқов олтин медалга сазовор бўлди. Яқинда Россиянинг Якутия шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада яна уч нафар самарқандлик курашчи чемпионликни қўлга киритди.
Албатта, бу ютуқлар кураш миллий спорт турини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида бўляпти. Бироқ тизимдаги бир қатор муаммо ва камчиликлар бартараф этилса, бундан-да юқори натижаларга эришиш мумкин.
Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги карорига кўра, вилоятдаги умумтаълим мактабларида кураш гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Аммо ҳозирги кунда вилоятда 1260 дан зиёд мактаб бўлиб, бор-йўғи 41 тасида кураш секциялари мавжуд. Кураш гуруҳлари ташкил этилган мактаблар эса 30 фоизга ҳам етмайди.
Миллий кураш билан шуғулланувчиларнинг асосий қисми Паст Дарғом, Нуробод, Ургут туманлари ҳиссасига тўғри келса, баъзи ҳудудларда мусобақалар ташкил этиш ва турнирларда спортчиларнинг иштирокини таъминлашга умуман эътибор қаратилмаяпти. Жумладан, Қўшработ тумани ва Каттақўрғон шаҳар спортчилари вилоят ва республика мусобақаларида умуман иштирок этмай қўйган. Терма жамоага спортчи етказиб бериш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бунинг асосий сабаби эса ҳудудлардаги кураш бўлимларининг моддий-техник базаси яхши эмас, шуғулланиш учун шароит етарли эмас.
Тизимдаги бу каби муаммо ва камчиликларни ҳал қилиш учун, аввало, кураш бўлимларида спортчиларнинг шуғулланиши учун шароит яратиш, зарур спорт анжомлари билан таъминлаш, ҳудудий ва хотира турнирларни кўпайтириш лозим. Шу билан бирга, спортчиларни мамлакат ва халқаро мусобақаларга олиб чиқиш, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш, спортчи ҳамда тренерлар учун республика ва халқаро даражадаги ўқув-йиғин машғулотлари ташкил этиш, машғулотларда спортчиларнинг овқатланиши, маълум муддат яшаши учун шароит яратиш лозим. Бунинг учун эса маблағ ва ҳомийларнинг қўллаб-қувватлаши керак бўлади. Шундагина юқори натижаларга эришиш ва миллий курашни ривожлантириш, унинг нуфузини халқаро майдонда янада оширишга эришиш мумкин.
Мутахассис фикридан кўриш мумкинки, вилоятда кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг оммавийлигини ошириш учун қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Лекин бу ишлар амалда қилинадими-йўқми, масъуллар бу муаммоларга қанчалик эътибор қаратади, буни вақт кўрсатади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.