Бош прокурор кубоги беллашувида пастдарғомлик полвонларнинг қўли баланд келди
Самарқанд шаҳрида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида миллий кураш бўйича "Бош прокурур кубоги"нинг вилоят босқичи ўтказилди.
Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев, вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси С.Мажидов, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи С.Бобоев, спорт фахрийси Ҳ.Рофиев сўзга чиқиб, беллашув иштирокчиларига омад тилади. Азалдан ота-боболаримиз катта майдонларда бел олишганлари, ҳозирда ёш полвонларимиз эришаётган натижалар таҳсинга лойиқ эканлиги таъкидланди.
Мусобақада вилоятнинг барча ҳудудларидан келган 144 нафар маҳалладаги уюшмаган, оғир тоифадаги, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар, 18-30 ёш тоифаларида ўғил болалар (66, 73, 81, 90, +90 кг), қиз болалар эса (48, 57, 70, 87 кг) вазнларда иштирок этди.
Беллашув бошланишида самрқандлик хушовоз хонандалар, санъат мактабининг жажжи ўғил қизлари, спорт мактаби акробатларининг чиқиши полвонларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Муросасиз кечган бахс якунига кўра, эркаклар ўртасида ўз вазн тоифасида пастдарғомлик полвонлар - Одилжон Рўзимуродов, Исматулла Холмаҳматов, Иброҳим Нуриллаев, Нуробод туманидан келган Орзубек Омонов, пахтачилик Шаҳриддин Мавлонов барча рақибларидан кучли эканлигини кўрсатди.
Аёллар ўртасидаги баҳсда ҳам Паст Дарғом туманидан келган курашчи қизлар - Марҳабо Эшмуродова, Зарина Абдусаломова, Дилшода Исроилованинг қўли баланд келди. Пахтачилик Машҳура Суннатиллоева ҳам рақибларига бўш келмади.
Юқорида номлари келтирилган курашчилар беллашувнинг республика босқичи йўлланмасини ҳам қўлга киритди.