Хотира турнирларини ҳам тартибга олса бўлади
Юртимизда барча спорт турлари бўйича расмий мусобақа ва беллашувлардан ташқари хотира турнирлари ҳам ўтказилади. Маҳалла ва қишлоқларимизда ўтказилаётган футбол, волейбол, миллий кураш ҳамда улоқ кўпкари бўйича хотира турнирларида ҳамюртларимиз ўзларининг севимли ўйинларидан, маҳоратли спортчиларнинг чиқишларидан завқланишади. Бироқ айрим турнирларни ташкил этишдаги камчиликлар, улардаги кутилмаган ҳодисалар кўпчилик қатори мени ҳам ўйлантиради.
Ўтган йили вилоятимизда миллий кураш бўйича ташкил этилган хотира турнирида курашчилардан бири мағлубиятига чидаёлмай, рақиби билан жанжаллашиб кетди. Жанжалга спортчиларнинг тарафдорлари ҳам қўшилди. Катталар ўртага тушиб, жанжални тинчитишга ҳаракат қилди. Оғир аҳволда қолган ўнга яқин жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатадиган бирор киши топилмади. Ҳатто маҳалла оқсоқоллари ҳам, қишлоқ врачлик пункти шифокорлари ҳам айтилмаган экан.
Наврўз байрами арафасида мини футбол бўйича ташкил этилган хотира турнирида ҳам худди шундай воқеа содир бўлди. Тўп майдон ташқарисида турган мухлислардан бирига қаттиқ тегиб кетди шекилли, ўйинчини ҳақорат қилди. Футболчи ҳам бўш келмади. Натижада мухлис майдонга чопиб келди. Яна кимдир сўкинди, бирови бақирди. Жабрланувчининг ҳамқишлоқлари майдонга югуриб чиқиб, тўпни тепган футболчининг ёқасидан олишди. Тортишувга ўйинчининг жамоадошлари ва ҳамқишлоқлари қўшилиб кетди. Оқибатда турнир эрта якунланди. Ҳамма ҳафсаласи пир бўлганича кетиб қолди. Кейинчалик ўша футболчиларнинг ўзаро жанжали судгача борди…
Бу каби тартибсизлик ва жанжаллар расмий учрашувларда деярли учрамайди. Чунки бу беллашувлар белгиланган низом асосида, ҳакамлар ва ташкилотчилар масъуллигида ўтказилади. тез тиббий ёрдам шифокорлари, ички ишлар ходимлари тартибни сақлаб туради.
Хотира турнирлари маҳаллада ўз ўрнига эга меҳнати билан бошқаларга ўрнак бўлган инсонлар хотирасига бағишлаб ташкил этилади. Тўғри, кўпинча бу каби турнирларни ўзига тўқ, пули бор инсонлар ўтказади. Бу мусобақалар ўтганларнинг хотирасини ёд олишдан ташқари, ҳаваскор спортчиларни синовдан ўтказиш, истеъдодли ёшларни кашф этишга хизмат қилиши керак.
Турнир ташкилотчилари катта пул совринлари қўйишадию, тартибни сақлашга аҳамият беришмайди. Турнир учун низом тузиш шунчалик қийинми? Мусобақа ўтказилиши ҳақида туман спорт бўлими, ички ишлар бўлими ёки тиббиёт бирлашмасини огоҳлантириб қўйиш наҳотки муаммо бўлса?
Йўқ, аслида турнир учун зарур барча шароитларни яратиш мумкин. Хотира турнирлари ўтказилаётган майдонларда спортчиларнинг кийимини алмаштириш ва ювинишлари учун шароит яратиш муаммо эмас. Ахир томошабинлар орасида хотин-қизлар ҳам бўлади, уларнинг кўз ўнгида кийим алмаштириш бизнинг маданиятимизга тўғри келмайди.
Бугунги кунда жаҳон ареналарида ном қозониб, мамлакатимиз довруғини оламга ёйиб келаётган спортчиларимиз орасида шундай турнирларда илк бора рақиб билан юзма-юз келганлар бор. Шу сабаб хотира турнирлари ўтказишдан олдин иштирокчи ва томошабинлар учун имконият даражасида шарт-шароит яратилиши керак.
Авазбек ҲАМРОҚУЛОВ, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 2- босқич талабаси.