Парижда кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро мусобақа ўтказилди

Ўзбекистон кураш федерацияси хабарига кўра, 24 июль куни Франция пойтахти - Париж шаҳридаги Эйфель минораси ёнида минглаб сайёҳлар гувоҳлигида ўтган халқаро кураш турнирида 30 га яқин давлатдан полвонлар иштирок этди.

Мутлақ вазн тоифасида ўтган баҳсларда мамлакатимиз шарафини эркаклар баҳсида Шерали Жўраев, Муҳсин Ҳисомиддинов ва Муҳаммадкарим Хуррамов ҳимоя қилди. Аёллар ўртасидаги беллашувларда эса Дурдона Абдужабборова гиламга чиқди.

Оғир вазнли полвонлар курашида Муҳаммадкарим Хуррамов барча рақибларини мағлуб этиб, мусобақанинг бош совринига эга чиқди. 2 ва 3-ўринлар сербиялик Сулум Закро ҳамда македониялик Бобан Дановга насиб этди.

Шунингдек, кучли саккизликдан польшалик Каспер Сзсзуровски, эстониялик Александр Мармелжук, грециялик Папаниколаоу Панагиотис, франциялик Гаетан Хугуес ва латвиялик Денис Сокол жой олди.

Қиз болалар ўртасидаги мусобақада ғолиблик германиялик Жасмин Грабовскига насиб этди. Польша, Франция ҳамда Бельгия вакилалари совриндор бўлди. Ҳамюртимиз Дурдона Абдужабборова 7-ўрин билан кифояланди.

Ғолиб ва совриндорлар тегишли даражадаги мукофот ва совғалар билан тақдирланди.