Самарқандда кузатув камералари ёрдамида белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш билан боғлиқ 80 дан ортиқ ҳолат аниқланди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги берган маълумотга кўра, 15–24 январь кунлари Самарқандда Экология вазирлиги диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси томонидан ўрнатилган онлайн кузатув камералари ёрдамида 80 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланди.

56 ҳолатда белгиланмаган жойга чиқинди ташлаган фуқароларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, уларнинг ҳар бирига 1 миллион 20 минг сўм миқдорида жарималар белгиланди.

— Бу камераларнинг юқори қисми 180 даража, паст қисми эса 360 даражани тасвирга олади, - деди Экология вазирлиги бош мутахассиси Ҳикматулла Абдуллаев. — Шунингдек, 1 километр масофагача шахсни аниқлаш имконияти бор. 3 километргача ҳаракат тизимини кўрсатиб бера олади. Мазкур камералар доимий назорат қилиб борилади.

Маълумот учун: айни пайтда Самарқанд вилоятида онлайн камералар ўрнатиш давом этмоқда. Дастлаб аҳоли гавжум, чиқинди кўп ташланадиган 25 та ҳудудда махсус кузатув камералари қўйилади. Шунингдек, 2024 йилда бутун вилоят бўйлаб кузатув камераларидан жами 100 та ўрнатиш режалаштирилган.