Жонкуярлик нима? Ёхуд умрингизда кўча ё табиат қўйнида чиқинди териб кўрганмисиз?

Чиройли, баҳаво табиат масканида дам олишга борган танишим борки, ўша гўзал масканда чиқинди тўпланганидан нолийди ёки шу ҳолат акс этган расм, видеолар ташлаб беради. Умуман, бу ҳолат одатга айланган.

Лекин дам олишга борган ўша танишимдан «Сиз чиқиндиларни қаерга ташладингиз?» деб сўрасам, ўйланиб қолади.

Тоғда чиқинди қутиларига кўзингиз тушмайди. Хўш, нима қиласиз шу ҳолатда? Сиз у жойда овқатланишдан қолган чиқинди, ичимлик идишлари, сигарет қолдиғи кабиларни қаерга ташлайсиз? Табиийки, ҳеч бўлмаганда йилда, борингки, икки йилда бир марта оилавий ёки дўстлар билан табиат қўйнига чиқасиз. Айтингчи, ўзингиз билан олиб борган ичимликнинг бўшаган идишини нима қилгансиз?

Бир марта бўлса ҳам ўша чиқиндиларни шаҳарга қайтариб келганмисиз? "Энди чиқиндини шаҳарга қайтариб келишим қолувди” дейишингиз мумкин. Аммо сиз мақтайдиган, ҳаммаёқ озода бўлган чет элда худди шу ҳолатни кўрганмиз. Бирор оила «пикник» ё бошқа мақсадда табиатга чиқиш учун маҳсулотларни харид қиларкан, албатта, чиқинди солиш учун каттароқ халта ҳам сотиб олади.

Иккинчи ҳолат шуки, табиат манзарасидаги ўша ачинарли ҳолатни фақат танқид қилиш, расмга олиш билан чекланамиз. Биз ўзимизни фаол деб билган ҳолда бирор марта бўлсин ўша тоғ сўқмоғидаги сайр давомида шиша идиш, баклашка ёки целлофан пакетларни йиғиштириб ўрнак кўрсатмаймиз.

Очиғи, бундай ҳолат ёки тушунча энди-энди шакллана бошлади, аммо ҳали жуда кам. Бир гуруҳ ҳамкасблар яқинда тоққа борганимизда, барча узоқдан кўриниб турган чиройли шаршарага шошиларкан, бир киши орқароқда қолиб чўнтагидан пакет чиқарди ва сўқмоқ бўйлаб қолдирилган пакетлар, ташлаб кетилган пластик идишларни тера бошлади. Аввалига кузатдим, 10-15 та буюм олинган заҳоти ўша атроф чиройига чирой қўшилди. Кейин ўша ҳамкасбимиз ёнига қўшилдим.5 дақидада сўқмоқда чиқиндидан асар ҳам қолмади. Биздан ҳеч нарса кетмади. Аммо ҳақиқий дам мана шу бўлди. Ишимиздан хурсанд бўлдик. Янаям қизиғи, кейин содир бўлди. Ўша ерда турган, шу ҳудудда яшайдиган бир отахон бизни тўхтатди. Чет элдан эмаслигимизни билгач, ҳайратини яширмади: «Умримда биринчи марта ўзимизнинг одамлар тоғда чиқинди теришини кўришим, одатда фақат қолдириб кетишарди...».

2021 йилда Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга чиққан россиялик таниқли видеоблогер Константин Ткачёв Қарши шаҳри яқинидаги чўлни кезаркан, ўнлаб гектарга сочилиб  ётган целлофан пакетларга кўзи тушади (Яқин атрофда чиқинди полигони бўлиб, уларни шамол учирган). Шунда блогер саёҳатини тўхтатиб, чўлни тозалашга киришади. Ёввойи табиат бўйлаб пакетлар сочилиб ётганига кўз юмолмайди. Бир-икки кун ўтиб, бу иш овоза бўлгач, ҳудудга кўплаб кўнгиллилар ва ободонлаштириш ходимлари етиб боради. 10 та машинада целлофан тўпланади...

Ойда бир бора ош ейишга тўпланадиган дўстлар гуруҳимиз бор. Шу даврадан зиёли бир киши яқинда навбатдаги ош ейиш ўрнига Самарқанд шаҳри кўчалари бўйлаб биргаликда пиёда кезишни таклиф қилди. Албатта, қўлимизда биттадан пакет билан... Биринчидан, пиёда кезиш асносидаги суҳбат соғлиққа ош устидаги гурунгдан фойдалироқ, иккинчидан, шаҳар ободонлаштириш соҳаси ходимлари меҳнатини қадрлаш бўларди. Бу таклифга ҳамма рози бўлди.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.