Самарқандда лифт муаммоси қачон ҳал бўлади?

Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг лифтларни ишламаётгани ёки тез-тез бузилиб туришидан норози бўлаётганини кўп эшитганмиз.

Лифтда қамалиб қолган меҳмон

Сўғдиёна массивидаги «Сўғдиёна» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 10 та кўп қаватли уйнинг 6 тасида лифт бор. 58-уйда лифтлар бир ишлаб, бир ишламайди. Уйда яшовчилар лифтнинг тез-тез бузилиши, унинг кабинасидаги қурилмалар ишдан чиққанлиги ҳақида эътироз билдиришди. Ҳақиқий аҳволни билиш мақсадида мазкур уйнинг 1-йўлагидаги лифтга кирдик. Эшик очилди, аммо, тепага кўтарилишнинг иложини топмадим. Чунки керакли қаватга чиқиш тугмалари йўқ, борлари ҳам ишдан чиққан. Киришга кирдиму, чиқишим учун нақд 10 дақиқа керак бўлди. Чунки лифтда чиқишни билдирувчи тугмаси йўқ эди. Лифт кабинасидан туриб, шу ерда ёзиб қўйилган сантехник ва лифт устасининг телефон рақамларига қўнғироқ қилдим. Афсуски, бирортаси ишламади. Тақиллатдим, лекин ҳеч ким ёрдамга келмади. Ниҳоят, куч билан эшикни очиб, ташқарига чиқдим. Шу уйда яшовчилардан бири «Кеча ҳам бир меҳмон қамалиб қолувди, зўрға чиқариб олдик» деди.

Шу уйнинг иккинчи йўлагидаги лифт махсус электрон калит ёрдамида ишлатилар экан. Бунақа калит шу йўлакдаги ҳамма хонадон эгаларига берилган экан. 65-уйнинг лифти ҳам тез-тез бузилади.

- Уйимизда ёш болали, ногирон, кексалари бўлган оилалар ҳам бор, - дейди Галина Мизинова. – Улар мактабга боришга, бозор-ўчар қилиш учун тушиб-чиқишга қийналишади. Айрим хонадон эгалари лифт ишламагач, пастга тушишга эриниб, чиқиндиларини деразадан отиб юборишади. Ўзим биринчи қаватда яшасам-да, уларнинг қийналаётганини кўриб тураман. Ширкатдагилар 4-5 йил илгари лифтларни тўлиқ алмаштирамиз деб фақат кабиналарини алмаштиришди, аммо асосий ҳаракатга келтирувчи қисмлари эскилигича қолди.

«Янга, лифт яна ишламаяпти, 15 минг сўм беринг»

Ширкат жойлашган 66-уйда ҳам лифт ишламаётган экан. Уйнинг 6- қаватида яшовчи Дилрабо Элмуродованинг жиғибийрони чиқиб пастга тушаётганига гувоҳ бўлдим.

– Уйимиздаги лифт тез-тез бузилиб қолади, - дейди опа. - Мана бугун ҳам ишламаяпти. Оёғимга протез қўйилган, зинадан чиқиб-тушишга қийналаман. Таъмирлаб беришларини сўраб ширкатга мурожаат қилсак, лифтлар эски, аллақачон муддатини ўтаб бўлган, деган жавобни эшитамиз. Мажбурликдан ҳар бир хонадондан 10-15 минг сўмдан пул йиғиб, уста чақирамиз. 4-5 кун ишлайдими йўқми, электр токи бир ўйнаса, тамом, яна шу аҳвол. Яна «йиға-йиғ» бошланади. Қўшни 66-уй лифтининг юк кўтариш қурилмаси ўғирлаб кетилган. Шундан бери ишламайди.

Нега лифт ишламай қолса, дарров аҳоли пул йиғишни бошлайди? Ахир ширкат ёки уларни таъмирлашга жавобгар бўлган таъмирловчи корхона бор-ку. Қолаверса, ширкатнинг ўзида лифт устаси ва сантехник бор. Нега улар ўз вақтида таъмирламайди?

- Ширкатимизга қарашли уйларда 12 та лифт бор, - дейди ширкат раиси Ирина Гечунцова. – Электр энергиясида тез-тез узилиш содир бўлади. Электр ҳар сафар ўйнаганда лифтларимиз ё куйиб қолади ёки электр фазаларини ўзгартириш керак бўлади. Усталаримиз ҳар куни уйма-уй айланиб ишдан чиққан лифтларни созлаб келишади. Оғир ҳолатларда эса «Сервис буюк бунёдкор» МЧЖнинг лифт созловчилар бригадасига мурожаат қиламиз. Ҳар ойда мазкур корхонага лифт таъмирлаш учун 1 миллион сўм маблағ ўтказиб берамиз.

«Ал Бухорий» уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 53-кўп қаватли уйда эса аҳвол янада оғир. Мазкур уйнинг бир йўла бешта лифтининг юк кўтариш қурилмалари ўғирлаб кетилганлиги сабабли юқори қаватларда яшовчи аҳоли сарсон бўлмоқда.

Сўғдиёна массивидаги кўп қаватли уйларда жами 68 та лифт бор. Уларнинг 20 фоизи ишламайди. Масалан, «Тонг» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли кўп қаватли уйларда ўрнатилган 8 та лифтнинг 4 таси, «Авангард-Сўғдиёна» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатида эса 5 та лифт юқори кучланишли электр энергияси туфайли куйиб, ишдан чиққан. Бу каби камчиликлар Кимёгарлар шаҳарчасидаги кўп қаватли уйларда ҳам мавжуд. Жумладан, «Нурли келажак» маҳалласида жойлашган 9 қаватли 26 ҳамда 25-уйларнинг лифтлари носоз.

- Лифтимиз анча йилдан буён ишламайди, - дейди шу уйнинг 71-хонадонида яшовчи Насиба Муратова. – Тўғри, беш йил илгари алмаштирилган эди. Бироз вақтдан сўнг яна ишламай қолди. Юқори қаватларда кекса отахону-онахонларимиз истиқомат қилади. Аммо, улар бирор сабаб билан пастга тушса, қайтиб уйига чиқиши азоб.

«Кеп қолинг, лифт моторларидан бор»

- Лифтларнинг юк кўтариш қурилмасини 500 минг сўмга таъмирлаш мумкин, - дейди «Сервис буюк бунёдкор» МЧЖ раиси Фарид Латипов. – Ишлатилганини эса бозордан 1 миллион сўмга сотиб олиш мумкин. Булар учун эҳтиёт қисмлар топиш муаммо. Аммо ҳар сафар уни ўғирлаб кетаверишса, ҳар қандай одамга ҳам малол келади. Аҳоли эътиборсизлиги натижасида бу каби ўғирликлар содир бўляпти. Лифтларнинг асбоб-ускуналари жойлашган хоналар қаровсиз қолдирилса, қулф билан маҳкамланмаса нохуш ҳолатларга дуч келинади.

Хўш, лифтларнинг эҳтиёт қисмлари камёб бўлса, унда улар бозорга қаердан кириб келяпти? «Кеп қолинг, лифт мотори сотаман» дегувчи олғирларнинг қўлидаги мослама ва қурилмалар шу уйлардан ўғирланган эмасмикан?

Кўк ҳолларда «дом»да яшовчиларнинг ўзлари ҳам лифтнинг бузилишига сабабчи бўлади. Кимдир уйини таъмирлаш учун оғир қурилиш материаллари олиб чиқади. Ёки ёпилиб қолса, эшикларини мажбурлаб очишади. Натижада кучланиш ортиб лифтнинг мотори ёки бошқа қурилмалар ишдан чиқади.    

«Эскини ямаб, эсинг кетар»

- Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги 15 та кўп қаватли уйда 2012-2015 йилларда ўрнатилган 29 та лифт фойдаланишга топширилмаган, - дейди Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Самарқанд ҳудудий бошқармаси бошлиғи Зоҳид Шарапов. - Ширкатларда лифтни ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда уларни ўрнатган ташкилотлар ҳақида маълумотлар йўқ. 17 та ширкатга қарашли 42 та кўп қаватли уйлардаги 25 йиллик ишлаш муддатини ўтаб бўлган 124 та лифтдан бугунги кунда ҳам фойдаланиб келинмоқда. Бу каби ҳам маънан, ҳам техник жиҳатдан эскирган лифтлардан фақатгина «Ўзстандарт» агентлигидан белгиланган тартибда рухсатномага эга бўлган эксперт ташкилотларининг ижобий хулосасидан кейин фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, шаҳардаги “Илғор келажак сари”, “Мароқанд коммуналчи”, “Ташаббускор коммуналчи”, “Муробод коммуналчи”, “Юлдуз”, “Адолат ташаббускор сервис” хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатларига қарашли кўп қаватли уйларда ҳам фойдаланишда тежамсиз ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган лифтлардан фойдаланиб келинмоқда.

Вилоят уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш бошқармаси бош мутахассиси Ҳусниддин Шодиевнинг айтишича, бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг 157 та лифти 2020-2022 йилларда босқичма-босқич замонавийсига алмаштирилар экан. Албатта, бу гапларга ишонгинг келади. Ҳозирча лифтлари ишламаётганидан безор бўлиб мурожаат қилаётган фуқароларга ҳам шундай деб жавоб бериб турибмиз. Тез орада ишлар бошланиб кетса ажаб эмас.

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

«Зарафшон» мухбири.