Самарқандда маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришнинг 91,7 фоизи вилоятнинг 3 та туманига тўғри келади, қолган ҳудудларда бу борадаги ишлар қониқарсиз

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 11 март куни саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни янада кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ички имкониятларни ишга солиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича вазифалар белгиланган эди.
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган муҳокамада ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди.
2021 йил маҳаллийлаштириш дастури доирасида вилоятда 47 та лойиҳа бўйича 857 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, прогноз 2,0 баробарга, яъни 417 миллиард сўм ортиғи билан бажарилган. Бироқ, 2 та лойиҳа бўйича ҳалигача ишлаб чиқариш бошланмаган. Вилоят ҳокими бу лойиҳалар 2022 йилги дастурга ҳам қўшилганини маълум қилиб, туман ҳокимлари уларни тезроқ ишга тушириш чорасини кўришлари зарурлигини таъкидлади.
Маҳаллийлаштириш лойиҳаларининг амалга оширилиши таҳлил қилинганда, Булунғур, Оқдарё, Пайариқ ва Тойлоқ туманларида бу борада бирорта лойиҳа амалга оширилмагани қайд этилди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришнинг 91,7 фоизи вилоятнинг 3 та ҳудудига (Самарқанд шаҳрида 71,8 фоиз, Нуробод туманида 10,3 ва Ургутда 9,6 фоиз) тўғри келган. Қолган ҳудудларда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар мутлақо қониқарсиз эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида вилоятимизда 577,4 миллиард сўмлик 64 та лойиҳа бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳаларнинг 37 таси ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва 27 таси импорт ўрнини босадиган, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган. Бу борада, Оқдарё туманида маҳаллийлаштириш лойиҳаси режалаштирилмаган бўлса, Каттақўрғон шаҳри, Булунғур, Нарпай, Пахтачи, Тойлоқ ва Қўшработ туманларида биттадан лойиҳа режалаштирилган, холос.
Муҳокама давомида вилоят ҳокими барча ҳокимлар, сектор раҳбарлари саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни чуқурлаштириш миллий иқтисодиётимизни ривожлантиришни ягона ва асосий йўли эканлигини тушунган ҳолда ҳафтанинг душанба ва сешанба кунлари бу масалалар билан шахсан шуғулланишлари зарурлигини қайд этди. Шунингдек, ушбу масала ҳар ойда бир марта вилоят ҳокими раҳбарлигида танқидий муҳокама этилиши белгиланди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.