Самарқандда маиший техника ва автомобиллар учун металл листлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун ҳудудларда электротехника, кимё ва фармацевтика тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишда маълум қилинган.
Таъкидланишича, бу йил электротехникада 163 миллион долларлик 39 та, кимё саноатида 70 миллион долларлик 17 та ва фармацевтикада 87 миллион долларлик 57 та корхона ишга тушди.
Шу билан бирга, бу тармоқларда фойдаланилмаган имкониятлар ҳали кўп. Ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш электротехникада 50 фоизга, кимё саноатида 40 фоизга, фармацевтикада 18 фоизга ҳам етмайди.
Ҳудудларда ташкил қилинган зоналардан ҳамда саноат кооперацияси имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти. 116 та корхонага олиб келинган 85 миллион долларлик саноат ускунаси ишга тушмасдан турибди. 727 та корхона тўлиқ қувватда ишламаяпти.
Йиғилишда шу каби камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, долзарб вазифалар белгиланган.
– Ҳокимликлар саноат тармоқлари билан узвий боғлиқликда ишлаб, ҳудудларда иқтисодиётни диверсификация қилиши, лойиҳаларни кўпайтириши зарур. Шундагина жойларда иқтисодий ўсиш, иш ўрни, бюджетга тушум бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Келгуси йилда мазкур 3 тармоқда 12 миллиард 700 миллион долларлик 24 та йирик лойиҳа бошланиши қайд этилди. “Навоийазот”да поливинилхлорид ва Қўнғиротда кальцийланган сода қувватларини кенгайтириш, Қоракўлда метанолдан олефин олиш, Самарқандда маиший техника ва автомобиллар учун металл листлар ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидандир.