Самарқандда Motion замонавий рақслар фестивали ўтказилди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Самарқанд шаҳар  ёшлар марказида яккахон ва жамоавий гуруҳлар иштирокида Motion замонавий рақслар фестивали  бўлиб ўтди.

Самарқандда иккинчи бор ўтказилаётган фестивалда  Россия, Қозоғистон ҳамда республикамизнинг турли вилоятларидан келган 40 дан ортиқ рақс жамоалари Street-dance (кўча рақси),  Freestyle (эркин услуб), Hiphop,  DanceHall, Popping ва BBoying йўналишлари бўйича ўз дастурларини намойиш этишди. Уларни моҳир замонавий рақс усталари - қозоғистонлик Александр Сцойев, россиялик Иван Ососков, FUNKY SKETCHERS  гуруҳидан Фаррух Исҳоқов ва BBoy Alkolil баҳолаб борди.

- Фестивалнинг йилдан йилга нуфузи ошиб бормоқда, - дейди қозоғистонлик ҳакам А.Сцойев. – Иштирокчиларнинг ҳам маҳоратлари юксалиб, ноанъанавий рақс саҳналарини намойиш этаяпти. Биз Ўзбекистонга нафақат уларни баҳолаш ва танлаш учун келдик, балки ўз маҳорат дарсларимиз орқали замонавий рақс турларининг ўзига хос жиҳатларини ўргатишни ҳам мақсад қилдик.

Танловда тошкентлик Феликс Алиев "Энг яхши раққос", деб топилди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.