Самарқандда оммавий ахборот воситалари ходимларининг саломатлиги синовдан ўтди
Самарқанд шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан вилоятда фаолият юритаётган барча ОАВ ходимлари ва уларнинг оила аъзолари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
- Журналистлар ҳаётнинг қайноқ жабҳасида юрувчи шарафли, шу билан бирга масъулиятли касб эгаларидир, - дейди шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов. – Уларнинг саломатлиги биз учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам жуда муҳим. Илк бор ташкил этилаётган мазкур тиббий кўрикка 15 турдаги малакали мутахассислар, замонавий текшириш аппаратлари соҳа ходимлари учун жалб этилган. Мазкур тиббий кўрик 21-22 июнь кунлари журналистларнинг оила аъзолари иштирокида ўтказилади. Текшириш давомида аниқланган касалликлар бўйича стационар даволанишга муҳтож ходимлар вилоят даволаш профилактика муассасаларига юборилади.
Икки кун давом этадиган тиббий кўрикка журналистлар оила аъзолари билан ташриф буюрмоқда.
- Турмуш ўртоғимнинг журналистика соҳасида фаолият юритаётганидан фахрланаман, - дейди Зуҳра Равшанова. – Бугун тиббий кўрикдан фарзандларим билан бирга ўтаяпмиз. Болалар, ўсмирлар учун ҳам алоҳида шифокорлар жалб этилгани кўрикнинг кенг қамровли олиб борилаётганидан далолатдир.
Шунингдек, бу каби тиббий кўриклар туман(шаҳар) кўп тармоқли поликлиникаларда ҳам ўтказилади.