Самарқандда қиймати 69 миллиондан сўмдан зиёд товарлар нега олиб қўйилди?

Бугун тадбиркорликнинг бошини тутиб, даромад оламан, элу юрт корига ярайман, деган ғайратли инсонлар учун қулай шароитлар, имкониятлар яратиб берилаётир. Шунга қарамай, ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя этмайдиган, ноқонуний фаолиятни ҳамма нарсадан устун қўядиганлар ҳам бор. Лекин бу тоифадаги “тадбиркор”ларнинг иш тутуми давлат солиқ хизмати органлари назаридан четда қолмайди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан ташкил этилаётган назорат тадбирларида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган “уддабурон”лар аниқланмоқда. Август ойининг ўтган даврида вилоят бўйича 85 та назорат тадбири ўтказилиб, ҳуқуқбузарлардан жами 69 миллион 746 минг 800 сўмлик товарлар олиб қўйилди.

Самарқанд шаҳрида фуқаро А. Муҳаммадиев савдо фаолияти билан шуғулланиб келган. Бир қарашда савдо фаолиятини танлаган бўлса, бунинг нимаси ёмон дейишингиз мумкин. Бироқ А. Муҳаммадиев солиқ тўлашдан қочиб, иш юритишнинг ноқонуний тарзини ўзига эп кўрди. Ўтказилган назорат тадбирида унинг дўконида мавжуд бўлган жами қиймати 2 миллион 10 минг сўмлик болалар кийим-кечаклари вақтинча сақлаш учун олиб қўйилди.

Самарқандлик А. Алиевнинг ҳам ҳужжатсиз савдо фаолияти билан шуғулланаётгани назорат тадбирларида давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг эътиборидан четда қолмади. Натижада унга тегишли жами қиймати 5 миллион 190 минг сўмлик эркаклар кийим-кечаклари далилий ашё сифатида вақтинча сақлаш учун олиб қўйилганини таъкидлаш лозим.

Умид Алимов,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати ходими.