Самарқандда 2900 та тадбиркорлик субъекти фаолияти тикланди
Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин даврида Самарқанд вилоятида 4869 та тадбиркорлик субъекти фаолиятини вақтинча тўхтатди. Бироқ карантин даврида ҳам белгиланган санитария ва гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда 20 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти иш фаолиятини давом эттирди.
Жумладан, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари савдоси билан шуғулланувчи “Asklepiy” компанияси иш фаолиятини тўхтатмай, бюджет тушумлари ошишига ҳисса қўшиб келмоқда.
– Бугунги кунда маълумотлар базамизда 4000 дан ортиқ номдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари мавжуд, – дейди компаниянинг Самарқанд вилояти сотув бўлими бошлиғи Абдуазиз Рустамов. – Коронавирус тарқалиши туфайли эълон қилинган карантин даврида санитария ва гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда фаолиятимизни давом эттириб, бюджет тушумини кўпайтиришга ҳисса қўшяпмиз. Жумладан, апрель ойида 1 миллиард сўмдан ортиқ солиқларни тўладик. Бугун аҳолида дори-дармон воситаларига талаб ҳар қачонгидан ҳам юқорилигини инобатга олиб, бу эҳтиёжни қондириш учун ҳаракат қиляпмиз.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, вилоятда апрель ойи учун солиқ тушумлари режаси 170 миллиард сўм этиб белгиланган эди. Амалда эса бюджетга 180,5 миллиард сўмлик солиқ тушумлари туширилди. Жорий йилнинг 1 май ҳолатида вилоятда карантин муносабати билан фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларидан 2909 таси яна ўз ишини бошлади.