Ўзбекистонда 800 га яқин йирик солиқ тўловчилар мавжуд

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Музаффар Юсуф Назаров иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Савол: Йирик солиқ тўловчи категорияси ҳар бир жойга қараб белгиланадими? Жойларнинг иқтисодий ва бошқа кўрсаткичлари фарқланади-ку?

Жавоб: Давлат солиқ қўмитасининг қарори билан “Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисида“ги Низом тасдиқланган (Адлия вазирлигида 12.07.2019 й, 3172-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган).

Йирик солиқ тўловчилар тоифасини белгилашда — соф тушуми 100 миллиард сўм ва ундан ошган юридик шахслар ўтган календарь йил якуни ёки кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр бўйича солиқ органларига тақдим этган солиқ ва молиявий ҳисоботларидаги кўрсаткичларига асосан аниқланади.

Мазкур Низом талаблари татбиқ этиладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати ҳар йили кейинги солиқ даври бошлангунга қадар бир ойдан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Бугунги кунда республика бўйича йирик солиқ тўловчилар сони — 779 тани (филиалларни ҳисобга олмаган ҳолда) ташкил этади.