Самарқандда "Қозоғистон таълими кунлари"

Унда Қозоғистон Республикасининг Турон университети, Жанубий-Қозоғистон, Олмаота, Қарағанда, Чимкент давлат университетлари, тоғ-кон индустрияси институти каби 15 та олий ўқув юртлари ўзларидаги мавжуд таълим йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича маълумотларни самарқандлик ёшларга тақдим этишди.

– Бугун бизнинг олий таълим муассасаларимизда 4 минг нафарга яқин ўзбекистонликлар таҳсил олмоқда, – дейди Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги вакили З.Тўребекова. – Юртимизда эълон қилинган "Ўзбекистон йили" муносабати билан Президентимиз Н.Назарбоев яна 10 минг нафар ўзбек ёшлари учун грант ажратишга қарор қилди. Бу ерга келгунча Навоий вилоятида бўлиб, Навоий кончилик институти билан меморандум имзоладик. Самарқанд олийгоҳлари билан ҳам бакалавр, магистратура ва докторантура босқичлари, замонавий ахборот технологиялари, масофадан туриб ўқитиш, халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш масалаларида ҳамкорлик келишувларига эришиш ниятидамиз.

Тадбир иштирокчиларига "Қозоғистон-Ўзбекистон: катта йўлнинг бошланиши" ҳужжатли фильми намойиш этилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.