Самарқандда шахмат мактаби қачон очилади?

Шахмат доналари илк марта Ҳиндистон ҳудудларидан топилганлиги боис шахматнинг асл ватани Ҳиндистон дейилади. Аммо Сурхондарёдаги Далварзинтепа, Самарқанддаги қадимий Афросиёб тепаликларидан шахмат доналарига ўхшаш шатранжлар топилган. Бундан кўринадики, шахмат ўйини қадимдан Ўзбекистонга яқин ҳудудларда ҳам ривожланган.

Кейинги йилларда шахмат бўйича кетма-кет жаҳон чемпионатлари мезбонлиги айнан Марказий Осиё мамлакатларига, хусусан, ўтган йили Ўзбекистонга топширилди. Бунинг асосий сабабларидан бири Марказий Осиёда шахматчиларнинг янги авлоди етишиб чиқяпти. Буни мамлакатимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, 2022 йил Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси мамлакат тарихида биринчи марта шахмат олимпиадасида олтин медални қўлга киритди. Ўтган йил самарқандлик 14 ёшли Афруза Ҳамдамова Италияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон тарихида қизлар ўртасида илк жаҳон чемпиони бўлди. Ёш гроссмейстр Нодирбек Абдусатторов жорий йил жаҳоннинг энг яхши тўртинчи рақамли шахматчисига айланди.

Албатта, эришилаётган ютуқлар мамлакатимизда шахматни ривожлантириш учун берилаётган эътибор натижаси. Юртимизда ушбу спорт билан шуғулланувчи ёшлар сони йилдан йилга ортиб боряпти. Аммо айрим ҳудудларда алоҳида шахмат мактаби ва марказлари ташкил қилинмаган. Жумладан, Самарқандда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 1,5 миллиондан зиёдни ташкил этади, лекин вилоятда шахмат мактаби йўқ.

Вилоят спорт бошқармаси маълумотларига кўра, спорт таълим муассасаларининг 19 тасида шахмат ва 2 тасида пара шахмат бўлими фаолият кўрсатмоқда. Уларда 110 дан ортиқ шахмат гуруҳи ташкил этилган бўлиб, бор-йўғи 1000 нафардан зиёд ёшлар шуғулланар экан. Ўзбекистон терма жамоасига эса 9 нафар шахматчи қабул қилинган, холос. Бу рақамлардан кўриниб турибдики, вилоятда шахматга қизиқувчи ёшлар шахмат бўлимларига тўлиқ қамраб олинмаган. Вилоятимиздан Шуҳрат Сафин, Тоҳир Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Иброҳим Ҳамроқулов, Жўрабек Ҳамроқулов, Алексей Барсов ва Марат Жумаев каби гроссмейстрлар етишиб чиққан. Лекин ҳалигача уларнинг номи билан аталувчи шахмат мактаблари ташкил этилмаган.

Вилоятда шахматни ривожлантириш учун қандай ишлар қилиниши кераклиги ва муммоларга ечим топиш хусусида вилоят шахмат федерацияси ўринбосари, халқаро тоифадаги гроссмейстер Тоҳир Воҳидовнинг фикрларини сўрадик.

- Шахмат бўйича Ўзбекистоннинг биринчи чемпионати 1930 йилда Самарқандда ўтказилган ва шаҳарда 1973 йил охирларида иш бошлаган шахмат мактаби республикада ягона бўлган, - дейди Т.Воҳидов. – Мустақилликкача ва ундан кейинги йилларда ҳам шахмат мактаблари бор эди. Кейинчалик шахмат мактаблари тугатилиб, ҳудудлардаги спорт мактаблари қошида шахмат бўлимлари фаолияти йўлга қўйилди.

Кейинги пайтда шахмат билан шуғулланувчилар сони кўпаймоқда. Олдин туман ва вилоят чемпионатларида 100-200 нафар киши қатнашган бўлса, ҳозир ҳар бир ҳудудда ундан ҳам кўп шахматга қизиқувчилар бор. Тўғри, кейинги пайтда ёшлар ўртасида ДХХ, прокурор кубоги ва “Рокировка” турнирлари ташкил этилиб, мусобақаларга жалб қилиняпти. Аммо вилоятда шахматга қизиқувчи ёшларнинг мунтазам шуғулланишини таъминлаш учун аввало вилоятда шахмат маркази ва мактаби ташкил қилиш керак.

Кейинги уч йилда юртимизда шахматни ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг учта қарори қабул қилинди. Хусусан, Президентнинг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, давлат-хусусий шериклик асосида 2025 йилгача шахмат мактаблари ва клублари фаолиятини йўлга қўйиш, таълим муассасаларида шахмат бўлимлари ва тўгаракларини ташкил қилиш белгиланган. Аммо Самарқандда ҳалигача шахмат мактаби очилмади. 2026 йилда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Самарқанд шаҳрида ўтказилади. Табиийки, шаҳримизга келган хорижлик шахматчи ва меҳмонлар ҳудуднинг шахмат базаси, у ерда яратилган шароитларни кўришни истайди. Бизда эса ҳозирча бундай жой йўқ.

Иккинчидан, FIDE рейтингли ўндан ортиқ мусобақаларни ўтказиш учун ҳомий керак. Битта иқтидорли шахматчи яхши натижага эришиши ва ўсиши учун камида 15 дан ортиқ мусобақада иштирок этиши талаб этилади. Бунинг ҳаммаси эса ҳомий ва маблағ билан боғлиқ. Учинчидан, ҳудудларда шахмат клуби ва бўлимларини кўпайтириш, хусусан, мактабларда тўгараклар ташкил қилиш ва тажрибали шахмат мураббийларини жалб қилиш керак. Афсуски ҳозир мактабларда шахмат тренерлари эмас, балки жисмоний тарбия ўқитувчилари бириктирилган. Айтмоқчи бўлганим, улар орасида шахматни тушунмайдиганлари ҳам бор.

Мутахассис фикридан кўриш мумкинки, вилоятда шахматни ривожлантириш учун қилиниши керак бўлган ишлар талайгина. Лекин бу ишлар амалда қилинадими-йўқми, масъуллар бу муаммоларга қанчалик эътибор қаратади, буни вақт кўрсатади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.