Самарқандда соя майдонлари икки баробар кўпайтирилиши маълум қилинди
Мамлакатимиз ички истеъмол бозорида сояга бўлган талаб ошиб бормоқда. Бу ушбу маҳсулот дони таркибида 50 фоиз оқсил, 28 фоизгача мой мавжудлиги туфайли озиқ-овқат саноатида муҳим хом ашё ҳисобланиши билан ҳам боғлиқ.
Бундан ташқари, соянинг саноат, техника, чорвачиликни ривожлантиришда ҳам роли катта. Ундан совун, лок-бўёқ, елим маҳсулотлар ишлаб чиқаришда, шунингдек, тўқимачилик саноатида кенг фойдаланилади. Соядан шрот, кунжара олинади. Яшил пояси чорва учун тўйимли озуқа. Умуман, соядан 400 хилдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин.
Бу йил Паст Дарғом туманида қарийб 2 минг гектар, Каттақўрғон туманида 1685 гектар, Нарпайда 871 гектар, умуман, вилоятимиз бўйича 7 минг 822 гектар майдонда соя етиштирилмоқда, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Фермерлар учун даромадли, саноат, чорвачилик ва бошқа тармоқлар учун фойдали бўлган ушбу йўналишни кенгайтириш мақсадида келгуси йилда вилоятимизда 15 минг гектардан ортиқ очиқ ер майдонида соя етиштириш режалаштирилган.