Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда «Спутник-V» вакцинасини сақлаш учун барча шароит мавжуд

Ижтимоий тармоқ саҳифаларида “Самарқандда махсус музлаткичлар йўқлиги сабабли вилоятимиз аҳолиси ҳозирча «Спутник V” вакцинасиз  қолади” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассиси Шоира Халилованинг “Самаркандский вестник” газетаси мухбирига берган маълумоти нотўғри талқин қилиниб, ижтимоий тармоқларда эълон қилинганлиги сабабли кўплаб кузатувчилар томонидан мунозараларга сабаб бўлди.

Бугунги кунда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат  саломатлиги бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимларидаги вакцина сақлаш омборхоналари «Совуқлик ускуналарини оптималлаштириш» дастури асосида янги, замонавий ва жаҳон андозалари талабларига жавоб бероладиган даражада совуткич ва музлаткичлар билан таъминланган.

Жумладан, Ўрта Осиёдаги энг замонавий омборхоналардан бири бўлган Самарқанд вилоят вакцина сақлаш омборхонасида 3 та 30 куб сиғимга эга  совуткич камераси, 14 та совуткич, 4 та музлаткич, вакциналарни ташиш учун махсус термосумкалар ва термоконтейнерлар захираси мавжуд. Шунингдек, 2019 йилда Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг ҳудудий бўлимларига ҳам қўшимча 57 та махсус совуткич ва 16 та музлаткич олиб келинган. Вилоят даволаш профилактика муассасалари эмлаш хоналари ҳам 200 дона  қўшимча махсус совуткич ҳамда вилоят аҳолисига сифатли вакцина етказиб бериш учун 18 та махсус автотранспорт воситалари билан таъминланган.

«Спутник-V” вакцинаси янги вакцина бўлиб, сақлаш, ташиш ва ишлатиш жиҳатидан бошқа вакциналардан деярли фарқ қилади. Бу вакцина музлаткичда (совуткичда эмас) музлатилган ҳолда -18 даражадан юқори  бўлмаган ҳолатда сақланади ва -18 даражадан юқори бўлмаган ҳолатда ташилади.

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида «Спутник-V” вакцинасини сақлаш учун барча шароитлар мавжуд.

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати.