Самарқандда сув тежовчи технологиялар учун 64,5 миллиард сўмдан ортиқ субсидия ажратилди

2021 йилда вилоятдаги 445 та кластер корхонаси ва фермер хўжаликлари томонидан 35 571 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди.

Бу ҳақда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва 2022 йилги режаларга бағишланган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Даврон Очилов маълумот берди.

Келтирилган рақамларга қарайдиган бўлсак, ўтган йилда 20 156 гектар ғўза, боғ, ток ва бошқа қишлоқ хўжалик экин майдонларида қурилиш монтаж ишлари учун 481 миллиард 17 миллион сўм маблағ ўзлаштирилган. Жумладан, тижорат банкларининг 330 миллиард 634 миллион сўм имтиёзли кредитлари, кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан 150 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

- Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида сувни тежайдиган технологияни жорий этиш учун 5513 гектар пахта майдонига 43 миллиард сўм, 2287 гектар боғ, ток ва бошқа экин майдонлари учун 21 миллиард 298 миллион сўм субсидия маблағи ажратилди, - дейди Д.Очилов. – 1011 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияси учун 7 миллиард 860 миллион сўм субсидия маблағи ажратилди. Натижада 2021 йилда вилоят бўйича 202 миллион куб метр сув тежалди. Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, экин майдонларга сув тежовчи технологияларни жорий этиш ниҳоятда муҳим масала ҳисобланади.

Жорий йилда ҳам 19,5 минг гектар майдон томчилатиб, 3,5 минг гектар майдон ёмғирлатиб суғорилади. Бу технологиялар ёрдамида сувни тежаб қолмасдан майдонларда 15-20 фоизга ҳосилдорликни оширишга эришилади.

Ўктам Худойбердиев.