Самарқандда сув захираси 20 фоизга кўпайгани айтилди

Айни вақтда Президент раислигида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча шароитлар яратиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилмоқда.

Йиғилишда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда ер ресурсларидан фойдаланиш ва мавжуд сув захиралари ҳам мукокама қилинмоқда.
Жумладан, дунёда содир бўлаётган воқеалар сабаб жаҳон бозоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўтган асрнинг 80 йилларидагидан ҳам юқори даражаларда ўсаётгани таъкидланди.

Хусусан, март ойида дунё бўйича озиқ-овқат нархлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ошган. Айниқса, йил бошидан жаҳон бозорларида буғдой нархи – 20 фоиз, маккажўхори – 19 фоиз, озуқа донлари – 20 фоиз ва ўсимлик ёғи – 23 фоизга кўтарилган.

Таъкидланишича, жорий йилда ёғингарчилик ҳисобига, водий, Тошкент вилояти ва Самарқандда сув захираси 20 фоизга кўпайгани билан, Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмда сув таъминоти бўйича қийинчиликлар бўлади.

Жаҳон бозорида минерал ўғитлар ва ёқилғи нархлари 2 бараварга ошгани, албатта, кластер, фермер ва деҳқонларнинг етиштираётган маҳсулотларининг таннархига ҳамда молиявий аҳволига таъсир қилади, дея хабар қилмоқда, Президент ахборот хизмати.