Самарқандда сувдан қарздорлик 21,5 миллиард сўмга етган

2025 йилнинг ўтган даврида вилоятдаги истеъмолчиларга 127 миллиард сўмлик сув ва оқова хизматлари кўрсатилган. Бироқ ҳозирги кунда юридик шахсларнинг қарздорлиги 6,6 миллиард сўмга етган бўлса, аҳолининг қарздорлиги салкам 14 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Йил сайин ерости сув сатҳи 10-15 метргача пасайиб кетмоқда, бу эса электр энергияси сарфини оширади, натижада сув етказиб бериш тарифлари ошади. Ўртача оладиган бўлсак, бир ойда истеъмолчиларга 11 миллиард сўмлик сув етказиб берилмоқда.
Самарқанд шаҳрида жами 801 километр сув тармоғи бўлса, унинг 600 километр қисми эскирган. Кўрсатилган хизмат учун вақтида тўлов қилинмаслиги ҳисобига тармоқни янгилашда қийинчиликлар юзага келмоқда.
“Самарқанд сув таъминоти” АЖ Самарқанд шаҳар филиали томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу каби маълумотлар очиқланди.
- Самарқанд шаҳрида 600 мингга яқин аҳоли истиқомат қилса, деярли барча аҳоли манзилгоҳлари тоза ичимлик суви билан таъминланган, оқова сув хизматлари кўрсаткичи эса 80 фоизни ташкил этади, - дейди “Самарқанд сув таъминоти” АЖ директори ўринбосари Акром Сиддиқов. – Шаҳарнинг ичимлик сув таъминоти Зарафшон дарёси ёқасида жойлашган Чўпонота ва Даҳбед каби 13 та сув иншоотидан ерости сув манбалари орқали таъминланади ва уч босқичда насос станциялари ёрдамида кўп қаватли уйларгача етказилади. Идоранинг шаҳар филиали Самарқанд шаҳридаги 245 та, Самарқанд туманидаги 30 та ва Паст Дарғом туманидаги 6 та маҳаллани тоза ичимлик суви билан таъминлайди. Бироқ хизмат сифатини оширишдаги энг катта муаммомиз тўловларнинг кечикиши бўлиб қолмоқда. Бунга ечим сифатида газ ва электр энергияси тизимидаги каби онлайн ҳисоблагич ўрнатиш бўйича республикага таклифлар ҳам бердик. Бироқ, дунё тажрибасида сув инсон саломатлиги билан боғлиқ бўлганлиги учун тўлов қилинмаган истеъмолчини тармоқдан узиш деярли учрамас экан. Шу боис, назоратчилар ҳар бир истеъмолчининг ҳисоблагичини текшириб, уларга ўз вақтида тўловларни амалга ошириш лозимлиги ҳақида тушунчалар бермоқда.
Ўктам Худойбердиев.