Самарқандда таянч мактаблар фаолияти қониқарлими?
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов раҳбарлигида вилоятдаги Халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича таянч мактабларнинг ҳолати, фаолиятини ўрганиш натижаларига бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ғ.Бобохолов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қ.Саидов, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори А.Ибрагимов, туман (шаҳар) студияларида эса ҳоким ўринбосарлари, халқ таълими бўлими мудирлари ҳамда мактаб директорлари иштирок этди.
Вилоятда 1247 та мактабда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришни ташкил этиш бўйича мактабларнинг географик жойлашуви ва ўқитувчилар сифат таркибидан келиб чиқиб, туман, шаҳарлар кесимида жами 32 та таянч мактаблар белгиланган.
Жумладан, Каттақўрғон шаҳрида 1 та, Самарқанд шаҳар, Булунғур, Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Қўшработ, Нарпай, Нуробод, Оқдарё, Паст Дарғом, Пайариқ, Пахтачи, Тойлоқ, Самарқанд туманларида 2 тадан, Ургутда 3 та таянч мактаблар ташкил этилган.
32 та таянч мактабга жами 656 та компьютер берилган бўлиб, шундан 579 таси янги, қолган 77 таси талабга жавоб бермайди.
Таянч мактабларнинг 20 таси оптик толали интернет тармоғига уланган бўлса, қолган 12 та таянч мактаб оптик толали интернет тармоғига уланмаган.
Жумладан, Нарпайда 17-умумий ўрта таълим мактаби, Оқдарёда 41-умумий ўрта таълим мактаби, Пахтачида 17- ва 43-умумий ўрта таълим мактаби, Ургутда 34-, 128-, 136-умумий ўрта таълим мактаби, Нурободда 10- умумий ўрта таълим мактаби, Паст Дарғом 56-умумий ўрта таълим мактаби, Булунғурда 1-умумий ўрта таълим мактаби ва Жомбой туманидаги 20- умумий ўрта таълим мактаби оптик толали интернет тармоғига уланмаган.
Таянч мактабларда жами 2061 нафар олий маълумотли ўқитувчилар фаолият юритади. Шундан:
121 нафари олий тоифали (6,1 фоиз);
295 нафари биринчи тоифали (14,4 фоиз);
575 нафари иккинчи тоифали (27,6 фоиз);
1070 нафари мутахассис (51,8 фоиз) педагоглардир.
Таянч мактаблар ва уларга бириктирилган тармоқ мактабларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини ошириш ҳамда халқаро тадқиқотларга муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида 2020 йилда мавжуд педагогика йўналишидаги Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда “Ипак йўли” туризм халқаро университетлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Онлайн йиғилишда қайд этилган муаммо ва камчиликлар юзасидан туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари, халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб директорларига муҳим топшириқлар берилди. Келгусида ушбу топшириқлар ижроси юзасидан алоҳида назорат олиб бориш бўйича вазифалар белгиланди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.