Самарқандда телекоммуникация тармоғига ноқонуний уланиб, лицензиясиз интернет хизматларини кўрсатган шахсга чора кўрилди

“Ўзкомназорат” Инспекциясининг вилоят ҳудудий шуъбаси, “Электромагнит мослашув маркази” ДУК ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида Оқдарё тумани бўйлаб тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида фуқаро С.Ф.С. ўз уйида ноқонуний равишда телекоммуникация тармоғини ташкил этиб, радиореле қурилмаси орқали 9 нафар фуқарога интернет хизматларини пуллик ва бепул тарзда кўрсатиб келаётгани аниқланган.

Текширув натижасида бу хизматлар учун ҳеч қандай лицензия, рухсатнома ва шартномалар мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, С.Ф.С. ҳамда 9 фуқарога нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 152-моддаси, 155²-моддаси ва 165-моддасига мувофиқ чоралар кўрилган.
“Ўзкомназорат” Инспекцияси аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини телекоммуникация тармоғини ташкил этиш, фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатишда қонунчилик талабларига риоя этмаслик, маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантирган.