Самарқандда триатлон бўйича “Challenge Samarkand-2024” халқаро мусобақаси ўтказилади
Кейинги йилларда Самарқандда триатлон бўйича Осиё, жаҳон чемпионати ва халқаро мусобақаларнинг ўтказилиши жаҳон триатлон рейтингида мамлакатимизнинг муносиб ўрин эгаллашига ҳамда юртимизга сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда.
Жумладан, Самарқанд жорий йилнинг 7-8 сентябрь кунлари триатлон бўйича "Challenge Samarkand" халқаро мусобақасига яна бир бор мезбонлик қилади. 2023 йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Самарқандда “Challenge Samarkand” халқаро триатлон мусобақаси илк бор ўтказилган эди. Ушбу мусобақа ҳар йили дунёнинг бир қатор давлатларида "Challenge Family” бренди остида 50 мингдан зиёд иштирокчини жамлайди.
Ўзбекистон триатлон федерацияси, спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида ўтган йил Самарқандда ташкил этилган нуфузли мусобақада дунёнинг 35 та давлатидан келган 2000 нафарга яқин спортчил 1,9 километрга сузиш, 86 километр велосипед, 21,5 километр югуриш йўналишларида беллашган.
Бу йил ҳам мусобақада 40 га яқин мамлакат триатлончилари қатнашиши кутилмоқда ва мусобақанинг асосий қисми Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида ўтказилади.