Самарқандда Туркология илмий-тадқиқот институти очилди
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Туркиянинг Истанбул ва Мармара университетлари билан тузилган академик ва илмий ҳамкоролик доирасида Туркология илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиши халқимизнинг турк дунёси билан алоқаларини янада кучайтирди. Бу эса қардош халқларнинг тили, адабиёти, маданиятини чуқурроқ ўрганиш, таҳлил қилишни тақазо этади. Туркология илмий-тадқиқот институти ана шу мақсадда ташкил этилди.
Лойиҳа Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) томонидан молиялаштирилмоқда. Унинг очилиш маросимида агентлик президентининг ўринбосари Маҳмут Чевик, Самарқанддаги Туркия Республикаси бош консули Салиҳ Жанер, вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов, илмий-педагогик жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда институт учун Туркиядан 8 мингдан зиёд қимматли китоблар келтирилиши маълум қилинди. Университет томонидан эса бу китоб фондига 1000 дан зиёд адабиёт қўшилади.
Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.