Самарқандда устозларга аталган асосий байрам тантаналари қандай ўтказилади?
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказиладиган асосий байрам тантаналари Самарқанд шаҳридаги “Мўжиза” амфитеатрида соат 17:00 да бошланади.
Байрам тантаналарини жонли ижродаги доира зарблари бошлаб беради. Унда саҳнага турли томондан кириб келган вилоятимизнинг 150 нафар доирачилари, мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчилари доиралар зарбини намойиш қилади.
Давлат мадҳияси янграгач, вилоят ҳокими Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттириши ва йиғилганлар сиймосида бутун вилоятимиздаги устозларни қутлаши режалаштирилган.
Тадбир давомида шунингдек, саҳнада мактаб ҳамда лицей ўқувчиларининг мустақиллик дарси театрлаштирилган томошалари намойиш қилинади. Саҳна кўриниши давомида вилоятимиз ижодкорлари устозлар шаънига битилган ашъорлар ўқийди.
Саҳна ва умуман байрам тадбири жозибали чиқиши учун “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари турли вазифаларда намоён бўлади.
Аввалидан охиригача устозларни мадҳ этувчи шўх қўшиқлар ижро этиладиган тадбирга таклиф этилганлар мириқиб ҳордиқ чиқаришига алоҳида эътибор қаратилган. Тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Илҳом Фармонов ва Алишер Файз иштирок этиши кутилмоқда.