Самарқандда халқ таълими тизимида 5 та коррупцион ҳолат аниқланган

Жорий йилда вилоят халқ таълими бошқармаси тизими билан боғлиқ 5 ҳолатда – вилоят халқ таълими бошқармасида 316 млн. сўм, Пайариқ туманида 554 млн. сўм, Каттақўрғон туманида 119 млн. сўм, Паст Дарғом туманида 60 млн. сўм, Жомбой туманида 524 млн. сўмлик камомад, молиявий хато-камчиликларга йўл қўйиш каби коррупцион ҳолатлар аниқланган ва суд томонидан ўрганилган. 

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида халқ таълими соҳасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларининг олдини олиш ва аҳолига очиқ маълумотлар тақдим этиш бўйича ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Бундан ташқари, ҳали суд ажрими чиқмаган коррупцияга оид ҳолатлар ҳам борлиги айтилди.

- Минг афсуски, коррупцияга оид ҳолатлар халқ таълими соҳасида ҳам йўқ эмас, - деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шокир Султонов. - Қурилиш, ишга олиш, дарс тақсимотида коррупцион ҳолатлар кузатиляпти. Бугун ўқитувчиларнинг ойлик маоши анча кўтарилган бўлса-да, айрим ҳолатларда ўқитувчиларга берилаётган совға-саломлар ҳам қулоққа чалиниб қолади. Ўқитувчининг муқаддас касбига мана шу нарсалар доғ туширади. Тўғри, ҳалол ишлайдиган, касбига фидойи ўқитувчилар кўп, аммо гуруч курмаксиз бўлмагани каби баъзан совға-салом олаётган ўқитувчилар ҳам учрамоқда. Коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда бизда ҳуқуқий назорат хизмати бор. Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармасида ҳам аудит тизими ташкил этилган. Аудит тизими ҳам молиявий хато-камчиликларни аниқлайди. Баъзида билиб-билмасдан ҳам коррупцион ҳолатларга йўл қўйиляпти. 

Шунингдек, тадбирда мактабга директор тайинлаш тизими, аттестация жараёнларидаги баъзи кўзбўямачиликлар каби журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб берилди. 

Бошқарма бошлиғи агар халқ таълими тизимида коррупцион ҳолатлар кузатилса, бошқарманинг 238-88-00 ёки 238-88-28 рақамига телефон қилиш мумкинлигини билдирди.