Самарқандда хўжалик юритувчи субъектлардан “конверт” усулида ойлик олаётган 14275 нафар ходим фаолияти расмийлаштирилди
Қўшним Бахтиёр ака пенсияга чиқиш ёшида. Лекин уни бир муаммо қийнаяпти. Сувоқчиликда қўли гул Бахтиёр ака ўтган йиллар мобайнида қурилиш фирмаларида расман рўйхатдан ўтмасдан, “конверт” усулида маош олиб ишлаган. Демак, ўз-ўзидан пенсияга ҳужжат расмийлаштиришда иш ҳақини кўрсатишда чигал вазият юзага келяпти. Яқинда Бахтиёр ака бундай иш тутганидан надоматда эканлигини айтди. Дарҳақиқат, “конверт” усулида иш ҳақи олишга рози бўлишнинг оқибати шундай якун топади. Ачинарлиси, бундан ишчининг ўзи азият чекиши муқаррар.
Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан норасмий ишчи-ходимларни расмийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича 4437 та хўжалик юритувчи субъект томонидан 14275 нафар ходим расмийлаштирилди.
– Жорий йил бошидан буён савдо ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан 853 нафар ходим расмийлаштирилди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси камерал назорат бўлими бошлиғи ўринбосари Хайрулла Азимов. – Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида эса 8586 нафар ходим рўйхатдан ўтказилди. Шунингдек, қурилиш корхоналари 417 нафар, қишлоқ хўжалиги корхоналари 4419 нафар ишчи-ходимни расмийлаштирди.
Масалан, Самарқанд шаҳридаги “Махсус сув қурилиш инвест" МЧЖ қурилиш корхонаси 11 нафар, “Next Construction” масъулияти чекланган жамияти 6 нафар, “Elegant-Taxi-Servis” транспорт корхонаси 10 нафар ходимни расмийлаштирди.
Умид АЛИМОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.