Самарқандда яна бир халқаро қўшма лаборатория ташкил қилинди

“Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида Хитойнинг Шэньси провинцияси билан ҳамкорликда “Инсон ва атроф-муҳитни ўрганиш бўйича "Бир макон, бир йўл" Хитой — Марказий Осиё қўшма лабораториясининг очилишига бағишланган тадбир ўтказилди.

Хитойлик ва мамлакатимиз археолог олимлари, илмий тадқиқотчилар, талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда Шэньси провинцияси партия қўмитаси котиби Чжао Идэ, Хитой Шимоли-ғарбий университети вице президенти Чанг Жианг, “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети ректори Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобиловлар сўзга чиқди.

– “Ўзбекистон – Хитой археология ва маданий меросни муҳофаза қилиш илмий-техникавий халқаро қўшма лабораторияси” 2022 йил 16 ноябрда "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда Хитой Шимоли-ғарбий университети ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилмоқда, – деди университет ректори Азиз Абдуҳакимов. – Ҳужжатда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, Хитой ва Ўзбекистон университетлари талабалари ҳамда ўқитувчиларининг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун академик кўприк ўрнатиш мақсад қилинган. Шимоли-ғарбий университетнинг 120 йиллик юбилейи доирасида имзоланган мазкур ҳужжат “Ўзбекистон – Хитой археология ва маданий меросни муҳофаза қилиш илмий-техникавий халқаро қўшма лабораторияси”ни ташкил этишга йўналтирилганлигини эътироф этишимиз керак. Таъкидлаш лозимки, халқаро қўшма лаборатория “Хитой ва Марказий Осиёнинг инсон ресурслари ва атроф-муҳитни ўрганиш бўйича қўшма илмий лабораторияси”нинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Мазкур лабораторияда келгусида археология ва маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича халқаро экспертлар иштирокида муҳим илмий тадқиқотлар олиб борилиши, Самарқанд шаҳрининг учинчи ренессанс марказига айланишига, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти янада ривожланишига, Ўзбекистон – Хитой муносабатлари янги босқичга кўтарилишига ишонаман.

Ушбу йирик илмий лойиҳа Хитой Шимоли-ғарбий университети ташаббуси билан Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWТО) шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси биносида ташкил этилмоқда. Лаборатория биокимёвий тадқиқотлар ва ҳайвон суякларини ўрганишга ихтисослашган икки қисмдан иборат бўлиб, бу ерда Ўзбекистон ҳудудида топилган ҳар қандай археологик қазишма материалларини тадқиқ қилиш имконияти яратилади. Қўшма лабораторияни қуриш учун Халқаро туризм академиясининг 8-қаватида жами 395 квадрат метр майдон ажратилган. Айни пайтгача Хитойнинг Шимоли-ғарбий университети томонидан қиймати 1 млрд. 587 млн. сўм маблағ эвазига 36 турдаги жами 90 дона лаборатория жиҳозлари ва махсус ускуналар харид қилиниб, университетга олиб келинди. Лаборатория қурилишини мувофиқлаштириш ҳамда жиҳозлаш ишларини махсус стандартлар асосида бажарилишини назорат қилиш мақсадида Шимоли-ғарбий университетнинг 2 нафар мутахассиси лаборатория қурилишида иштирок этмоқда.

Тадбир давомида ҳар иккала томон вакиллари ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган қўшма лойиҳани самарадорлигини ошириш борасида ўзаро фикр алмашиб, келгуси вазифаларни белгилаб олишди.