Самарқандда яна бир йирик халқаро конференция ўтказилади

Жорий йил 25-26 сентябрь кунлари Самарқандда “Ҳамма учун барқарор инфратузилма яратиш” шиори остида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) бошқарувчилар Кенгашининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтади. Шу муносабат билан пойтахтимизда мазкур анжуманга тайёргарлик жараёни таҳлил этилди. Мамлакатимиздан масъуллар ва ОИИБ юқори мансабдор шахслари иштирок этган тадбирда барқарор инфратузилмага инвестиция киритиш орқали иқтисодий-ижтимоий ривожланишга кўмаклашишга ўзаро содиқлик таъкидланди.

– Илк бор Марказий Осиёда ўтадиган ушбу тадбир мезбонлиги Ўзбекистонга, Самарқанд шаҳрига ишониб топширилган, – деди инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Шоҳруҳ Ғуломов. – Барчага маълумки, бу улуғвор шаҳар асрлар давомида Буюк Ипак йўли чорраҳасини яратган, қитъалар аро савдо, иқтисодиёт, маданият, фан ва техника маркази бўлган. Анжуман турли цивилизациялар ўртасидаги фаол мулоқот майдонини шакллантираётганидан фахрланамиз. Давлатимиз танлаган устувор йўналишлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳар бир киши учун барқарор инфратузилма яратиш мавзуси бугун ҳар қачонгидан муҳим. Муҳими, республикамиз Марказий Осиёнинг барча ҳудудларида минтақавий алоқани сақлаб қолиш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайдиган стратегик позицияга эга.

Режалаштирилган муҳокамалардан ташқари, йиғилишда Ўзбекистонда ҳам инвестиция ва донор форуми ташкил этилишини мамнуният билан эълон қиламан. Ушбу форум янги халқаро донор ташкилотлари ҳамкорлар билан мулоқотга киришиши учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. Халқаро донорлар, инвесторлар ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида доимий алоқа ўрнатиш имконини беради. 2024 йилдан бошлаб ҳукуматимиз инфратузилма ва ижтимоий ривожланиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун халқаро грант маблағларини жалб этишга устувор аҳамият берди. 100 дан ортиқ давлат вакилларининг Самарқандга бу галги ташрифи ҳам ижтимоий самарали лойиҳаларнинг бошланишига туртки бериши шубҳасиз.

Самарқандда “Ҳамма учун барқарор инфратузилма яратиш” шиори остида ўтадиган ОИИБ бошқарувчилар Кенгаши йиллик йиғилиши сессиялари ва икки томонлама учрашувларда янги лойиҳалар батафсил тақдим этилади. Конференциянинг ҳар бир иштирокчиси Ўзбекистонда бизнес юритишнинг янги усулларини, афзалликларини кашф этади.

– ОИИБ нафақат иқтисодий ўсишни, балки аҳоли турмушини яхшилайдиган барқарор инфратузилма лойиҳаларини ҳам қўллаб-қувватлашга интилмоқда, – ОИИБ вице-президенти ва корпоратив котиби Лудгер Шукнехт. – Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги фаолиятимиз ушбу масъулиятнинг тасдиғидир. Иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатимиз, мижозларга йўналтирилган ёндашувимиз, “Эртанги кун инфратузилмаси”ни молиялаштириш бўйича кўп томонлама ҳамкорлигимиз, минтақадаги фаолиятимиз Самарқанд анжумани туфайли янада кенгайишидан умидвормиз.

Бизда ҳозир тасдиқланган 15 лойиҳа мавжуд. Сармоямиз энергетика, транспорт, сув ва бошқа муҳим соҳаларга қаратилган жами 3,1 миллион доллар  қийматга эга. Ўзбекистон олтинчи йирик мижозимиз сифатида Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик ҳамкор ҳисобланади.

Бу лойиҳалар шунчаки рақамлар эмас, барқарор, бардошли, ҳозирги ва келгуси муаммоларга жавоб берадиган инфратузилма барпо этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатимиз инъикосидир.

Тошкентдаги тадбирда ОИИБ Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги асосий лойиҳаларга бағишланган бир неча тақдимоти орқали минтақада иқтисодий ўсиш ва тараққиётни рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатини намойиш қилди. Иштирокчилар банк фаолияти, хусусан инвестиция амалиёти ҳақида батафсил маълумот олди.

Тақдимотлар 27-29 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Ўзбекистондаги ОИИБ лойиҳалари тўпламини суверен молиялаштириш бўйича уч кунлик семинар олдидан айни муддао бўлди. Семинардан кўзланган мақсад юртимизда ОИИБ томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларни ўрганиш, муҳокама қилиш, фаолиятнинг самарадорлигини ошириш ва стратегик устуворликка мувофиқлигини таъминлаш.


Эслатиб ўтамиз, Осиё инфратузилма инвестициялари банки кўп томонлама ривожланишга йўналтирилган молиявий тузилма бўлиб, Осиё ва бошқа қитъаларда инфратузилмани барқарор ривожлантиришга асосланган фаолият юритади. 2016 йил иш бошлаган тузилма бутун дунё бўйлаб 109 нафар тасдиқланган аъзога эга. Капитали 100 миллиард долларини ташкил этадиган банкка энг йирик халқаро агентликлар томонидан ААА рейтинги берилган. ОИИБ янги капитал чиқариш, экологик тоза, технологик ва минтақавий алоқани ривожлантиришга ёрдам берадиган инфратузилмага сармоя киритиш орқали мижозлар эҳтиёжини қондириб келади.

Муҳаррама Пирматова,

Аслиддин Алижонов (сурат),

ЎзА