Самарқандда ярим кило олтин бўлакларини ноқонуний тарзда олиб кетаётган фуқаро аниқланди

Жорий йилнинг 6 март куни соат 21:00 ларда, Самарқанд вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида бўлиб ўтган текширув давомида, Булунғур тумани ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлида жойлашган "Юқори нуқта" ЙПХ масканида ЙПХ ходими томонидан "Lacetti" русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилган.

Холис ва гувоҳлар иштирокидаги текширув давомида, автомобиль ҳайдовчиси, 1989 йилда туғилган О.А.нинг чўнтаги ва транспорт воситасининг салон қисмидан жами 15 дона, турли хил шаклда қуйилган, умумий 0,525 кг миқдорда олтин бўлаклари топилган. Ушбу қимматбаҳо бўлаклар ноқонуний равишда олиб кетилаётганликда гумонланиб ашёвий далил сифатида олинган ва автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Ҳолат юзасидан ИЖҚК Департаментининг Булунғур тумани бўлими ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.