Самарқандда "яшил олтин" - пистачилик ривожлантирилади

Бунинг учун 60 мингта хонадон ушбу “Ҳаёт дарахти”ни экиш имконияти бор. Ҳар бир хонадонга ўртача 20 тупдан кўчат ҳисобланиб, жами 1,2 миллион дона “Яшил олтин”ни парваришлаш режалаштириляпти.

Мутахассисларнинг айтишича, ҳар бир хонадонда ўртача 200 килограмм писта етиштирилганда ҳам вилоят бўйича 12 минг тонна ҳосил олиниб, даромад 960 миллиард сўм (вилоятнинг қарийб бир чораклик даромадига тенг) олиниши кутилмоқда. Бу бир хонадонга 16 миллион сўм кирим бўлади, дегани.

Истиқболи борми?
Умуман, пистачилик сердаромад соҳа хисобланиб, шарқда у “Ҳаёт дарахти” деб аталса, бошқа кўпгина мамлакатларда “Яшил олтин” деб номлашади. Айниқса, форс мамлакатларида пистани бойлик ва мўл-кўллик рамзи санашади.
Унинг мевасига жаҳон бозорида талаб юқори бўлиб, бир килограмм писта ўртача 80-200 минг сўмгача сотилмоқда. Хандон писта юқори диетик маҳсулот бўлиб, мағзида 49 фоиздан 60 фоизгача мой, 15-20 фоиз оқсил, 3-8 фоиз қанд ва бошқа микроэлементлар мавжуд. Шу боис, республикамизга ўзига бир йилда 100 миллион долларлик писта импорт қилинади.
Писта келиб чиқиши ва геоэкологик хусусиятига кўра, қурғоқчиликда ва юқори ҳароратда ўсишга мослашган. Унга денгиз сатҳидан 500-1200 метр баландлик, ўртача ёғингарчилик миқдори 300-400 мм бўлган ерлар қулай ҳисобланади. Ёз ва қиш ойларида ҳаво ҳарорати +46°С даражадан -40°С даражагача ўзгарган экстремал шароитда ўсиб-ривожлана олади.
Мамлакатимизда самарасиз фойдаланилаётган лалми ҳамда тоғолди ҳудудларда бўш турган ерларда пистачиликни ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш бўйича катта имкониятлар мавжуд. Хусусан, Самарқандда денгиз сатҳидан 500-1200 метр баландликда 120 минг гектар хондон писта етиштириш учун қулай ер майдони мавжуд.

Плантациялар бўлади
Давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи чоғида ушбу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу асосда писта экиш учун мос 120 минг гектар ер майдонининг 80 минг гектарида писта плантацияларини барпо этиш бўйича чоралари кўрилмоқда.
Бу майдонларга 22,4 миллион туп кўчат экилади ва йиллик ялпи ҳосил 56 минг тоннани ташкил этиб, 3,9 триллион сўм даромад олинади. Бунда соф фойда 1,1 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Энг муҳими, шу орқали 320 минг ишчи ўрин яратилади.

Тажриба борми?
Аслида пистачилик вилоят учун буткул янги соҳа эмас. Маълумотларга кўра, бугунги кунда Паст Дарғом туманидаги “Ўғил она” фермер хўжалигида 204 гектар, Ургут туманидаги “Мадина лаззати узумзорлари” фермер хўжалигида 40 гектар пистазор барпо қилинган. Жорий йил кузда Паст Дарғом туманидаги “Чарос агро узум” МЧЖда 313 гектар, Нуробод туманидаги “Қурбоной она” фермер хўжалигида 50 гектар майдонда хандон писта кўчатлари экилиш режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, қурғоқчил автомобиль йўл ёқаларига 1,5 миллион дона писта экиш чоралари кўриляпти. Биргина шу орқали 3,6 минг тонна ҳосил ва 262,5 миллиард сўм даромад олиниши кутиляпти.

Солиштириб кўринг!
Одатда 1 гектар пистазор ташкил этиш учун 6х6 схемада 280 дона кўчат экилади. Йиллик ҳосилдорлик гектарида 0,7 тоннани ташкил этади. Чунки пистанинг бир тупидан 7-йилдан 2-3, 10-йилда 10 килограмм хандон писта йиғиб олинади. Бунда 7-йилдан гектаридан 49 миллион, 10-йилдан бошлаб 100 миллион сўм йиллик даромад олиш мумкин.
Айни пайтда 1 гектар лалми ғалладан 2,1 миллион сўм (пистага қараганда 23 марта кам), 1 гектар сувли майдондаги пахтадан 40 центнер ҳосил олинганда 33,2 миллион сўм (пистага қараганда 5,8 миллион сўм кам) даромадга эга бўлиш мумкин.
Бундан ташқари, 1 гектар ердаги сувли ғалладан 60 центнер ҳосилдорлик билан 18 миллион (пистага қараганда 31 миллион сўм кам), 1 гектар сувли майдондаги маккажўхоридан 100 центнердан ҳосил олинганда 40 миллион (пистага қараганда 9 миллион) сўм кам даромад қилинади.
Мутахассисларнинг айтишича, ушбу ҳисоб-китоблар пистанинг биринчи йилги харажатлари билан қўшиб олинган. Писта тўлиқ ҳосилга кирганда кўрсаткичлар 3-5 марта юқори бўлади ва асосийси, писта дарахтлари 1000 йилгача мева бераркан.

Ё.Марқаев тайёрлади.