Самарқандда ёшлар туризми ҳафталиги бошланди

Вилоятдаги ўқувчи ва талабаларнинг қишки таътилдаги бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида бугун, 4 январдан бошлаб туризм ҳафталиги доирасида музейлар ва тарихий обидаларга саёҳатлар ташкил этилиши белгиланди.

Саёҳатларга вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан, асосан ногиронлиги бўлган, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган, фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган йигит-қизлардан иборат 850 нафар ёш таклиф этилади.

 - Ҳафталикнинг илк кунида Самарқанд шаҳрида яшовчи бир гуруҳ ёшлар саёҳатга чиқди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов. - Улар дастлаб Регистон майдонида бўлди. Ёшларга бу ердаги мадрасалар, уларнинг қурилиш тарихи ҳақида сўзлаб берилди. Шундан сўнг ёш сайёҳлар Мирзо Улуғбек расадхонаси ва шаҳардаги бошқа тарихий обидаларни зиёрат қилди. "Буюк Ипак йўли" халқаро туризм марказида жойлашган “Боқий шаҳар” мажмуасини ҳам кўздан кечирди. Ҳар 15 нафар ёшга бир нафар ўқитувчи йўлбошчилик қиляпти. Уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар бўлимлари ва тиббиёт ходимлари ҳам масъул қилиб бириктирилган. 

Ҳафталик 10 январга қадар давом этади. Ёш саёҳатчилар учун театр ва кинотеатрларда тарихий спектакллар ва бадиий фильмлар намойиш этилиши ҳам режалаштирилган. 

Тўлқин Сиддиқов, 

Бахтиёр Мустанов (сурат).